Загрузка
Загрузка
Тошкентда ободонлаштириш номи билан яшил ҳаёт қурбон қилинмоқда(ми?)
Ҳодисалар

Тошкентда ободонлаштириш номи билан яшил ҳаёт қурбон қилинмоқда(ми?)

25
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда 25 октябрь куни тунги вақтда 144 туп соғлом арча дарахтлари кесиб ташлангани ҳақида видеолар тарқалди. Бу танқидларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий баёнот билан жавоб берди ва Яккасарой туманида арчалар мораторийга зид тарзда кесилгани ҳақидаги иддаоларни шарҳлади.

Ҳокимлик маълумотига кўра, Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари доирасида 83 туп пирамидасимон гужум (эликс) ва 62 мингдан ортиқ манзарали бута кўчатлари экилмоқда. Шу жараёнда аввал ўсиб турган ўсимликларга нисбатан эътиборсизликка йўл қўйилгани тан олинган.

Мутахассислар хулосасига кўра, илгари бу ҳудуддаги 145 туп арчаларнинг аксарияти касалликка чалинган ва аста-секин қуриб бораётган эди. Дастлаб дарахтларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган, бироқ масъуллар белгиланган талабларга риоя қилмаган.

Ҳокимлик баёнотида таъкидланишича: "Ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижасига кўра тегишли чоралар кўрилади".

Аммо Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳокимлик баёнотини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, дарахтлар "қуриб қолган" эмас, балки яшнаб турган ва ижтимоий тармоқлардаги танқидий видеолар ҳокимлик томонидан босим остида ўчиртирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар 620 млн 472 минг сўмни ташкил этган.

Кушербаев видеомурожаатида таъкидлаганидек: "Амалдаги қонунчилик бор. Дарахт кесишдан олдин, қуриган бўлса ҳам, Ботаника боғидаги дендролог мутахассисларидан хулоса олинади. Кейин экология вазирлиги рухсат бериши мумкин. Ҳозир ҳеч қандай хулоса олинмаган, ҳеч ким рухсат ҳам бермаган. Албатта, бу кесилгандан кейин ўрнига янги дарахт экилиши керак ва бу солиқ тўловчилар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан яна пул талаб қилинади".

Вазир маслаҳатчисининг сўзларига кўра, дарахтлар айнан ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов топшириғи билан Ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланган.

Шаҳар аҳолиси учун эса асосий савол ҳамон ўзгармаган: "Тошкентда ободонлаштириш номи билан яшил ҳаёт қурбон қилинмаяптими? ".

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...