Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Юнусобод туманида ижтимоий тармоқлар орқали "танишиб", сўнг ўзини ички ишлар ходими деб таништирган ҳолда товламачилик қилиб келган уюшган гуруҳ қўлга олинди. Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда 25, 22 ва 20 ёшли йигитлардан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Ушбу шахслар ижтимоий тармоқларда аёл киши номидан сохта профиллар очиб, фуқароларни ўз тузоғига тушириш билан шуғулланиб келган. Аниқланишича, гуруҳ аъзолари "мижоз" билан Юнусобод туманидаги хонадонлардан бирида учрашув белгилашган. Фуқаро хонадонга келган вақтда гуруҳнинг бошқа аъзолари ичкарига кириб, ўзларини гўёки ички ишлар органлари ходимлари деб таништиришган.
Улар фуқароларни "бесоқолбозлар билан жинсий ҳаёт кечириш" ва "яқин алоқага киришганлик"да айблаб, калтаклашган ҳамда шахсий видео ва фотосуратларини тарқатиш билан қўрқитиб, катта миқдорда пул талаб қилишган. Уларнинг ўзлари ҳам "ноодатий жинсий ҳаёт" кечириб келган.
Жиноий гуруҳ келишилган пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми (Товламачилик) ва 120-моддаси 1-қисми (бесоқолбозлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда аёллар кийимида юрган қидирувдаги шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас