Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари ва Ички ишлар идоралари ҳамкорлигида Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандасига чек қўйилди.
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида ўтказилган амалиёт давомида 1996 ва 1997 йилларда туғилган икки фуқаро қўшни Тожикистондан ноқонуний олиб келинган 79 кг 358 грамм "опий" моддасини сотиш мақсадида яшириб қўйган жойида қўлга олинган. Тадбирнинг давомида улардан яна 1 кг 953 грамм "метамфетамин" синтетик наркотик моддаси ҳам ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 2 нафар маҳаллий фуқаро ҳамда давлат чегарасини бузиб ўтган Тожикистон фуқароси ҳам қўлга олинган.
Чегара қўшинлари томонидан улардан 30 килограмм 357 грамм "опий" моддаси қўлга олинган.
Тезкор суриштирувлар натижасида ушбу заҳри қотилнинг буюртмачиси — Денов шаҳрида яшовчи, 39 ёшли шахс ҳам ушланган.
Аниқланишича, гуруҳ аъзолари тожикистонлик наркосавдогарнинг топшириғини ҳақ эвазига бажариб, юкни белгиланган манзилга етказиб беришлари керак бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Барча гумонланувчилар қамоққа олинган, тергов давом этмоқда.
Шу кунларда, айниқса, йирик партиядаги гиёҳвандлик моддалари қўлга олинмоқда. Хусусан, Самарқандда ҳам қарийб 37,5 килограмм "экстракцион опий" мусодара қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас