Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Истанбулда 8 май куни диний блогер, Azon Global портали асосчиси Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) қўлга олинди. Эртаси куни уни озод қилиш ваъда қилинганига қарамай, унинг қаердалиги ҳалигача номаълумлигича қолмоқда, оиласи ва адвокатлар эса ҳеч қандай расмий маълумот ололмаяпти.
Мубашшир Аҳмаднинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумот 12 май куни унинг Телеграм-каналида пайдо бўлди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни эрта тонгда Боғчашеҳир туманидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетишган.
Шу куннинг ўзида адвокатлар иштирокида дастлабки тергов тадбири ўтказилган. Маълумотларга кўра, сўроқдан сўнг у маҳаллий депортация марказига (Geri Gönderme Merkezi - GGM) ўтказилиши керак бўлган, у ердан 9 май куни озод қилиниши кутилган.
Бироқ қўлга олинганидан 4 кун ўтиб ҳам унинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда. Туркия миграция бош бошқармаси (Go‘ç İdaresi) адвокатларга ҳам, Турсуновнинг қариндошларига ҳам маълумот бермаяпти.
"Узоқ йиллардан бери қандли диабет ва гипертония касаллигидан азият чекиб келаётгани, мунтазам равишда инсулин ва бошқа дори воситаларини қабул қилишга муҳтожлигини ҳисобга олсак, бу оилада хавотир уйғотмоқда," - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Туркия қонунчилигига кўра, ҳибсга олинган шахс яқинлари билан боғланиш, унинг қариндошлари эса маълумот олиш ҳуқуқига эга. Бироқ, адвокатларнинг маълум қилишича, ҳозирча улар ҳам Турсунов айнан қаерда сақланаётгани ва унинг аҳволини аниқлай олишмаяпти.
Эслатиб ўтамизки, Алишер Турсунов Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. 2017 йилда у интернет-портал, интернет-радио ва интернет-телевидениени ўз ичига олган диний мавзудаги Азон медиа гуруҳини ташкил этган. 2023 йил август ойида барча Azon лойиҳалари ёпилди, аммо бир неча ой ўтгач, Алишер Турсунов Azon Global ахборот-таҳлилий порталини ишга туширди.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йил февраль ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновга нисбатан қидирув эълон қилган эди. Унга нисбатан тақиқланган диний ташкилотлар фаолиятидаги иштироки бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Эслатамизки, бир йил аввал ҳам Туркия махсус хизматлари Турсуновни ҳибсга олган эди. У бир неча ой давомида депортация марказида сақланган, шундан сўнг озод қилинган.
Изоҳлар мавжуд емас