Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон терма жамоасига рақиблик қиладиган сўнгги жамоа номи маълум бўлди. Қитъалараро плей-офф босқичида Ямайкани 1:0 ҳисобида мағлуб этган Конго Демократик Республикаси вакилларимиз билан бир гуруҳдан жой олди.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги рақиблари сифатида Колумбия, Португалия ва Конго ДР жамоалари қайд этилган. Вакилларимиз ўз юришини Мексиканинг машҳур "Ацтека" стадионида бошлайдилар.
Ўзбекистон терма жамоаси биринчи тур доирасидаги баҳси 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 07:00 да Мехикода Колумбия жамоаси билан бўлиб ўтади.
Иккинчи турда вакилларимиз 23 июнь куни соат 22:00 да Хьюстоннинг NRG стадионида Португалия терма жамоасига қарши майдонга тушадилар.
Гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи учинчи тури эса 28 июнь куни соат 04:30 да Атлантадаги Mercedes-Benz стадионида Конго ДР ва Ўзбекистон қарама-қаршилиги билан якунланади.
Турнир олдидан Эрон терма жамоасининг иштироки ва ўйинлар манзили борасидаги баҳсларга FIFA президенти Жанни Инфантино нуқта қўйган. АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан мураккаб муносабатларига қарамай, Эрон терма жамоаси жадвалга мувофиқ ўз ўйинларини АҚШ ҳудудида (Лос-Анжелес) ўтказадиган бўлган. Инфантино футболнинг бирлаштирувчи куч эканини таъкидлаб, жамоа учун барча хавфсизлик чоралари кўрилишини билдирган.
Мексикада жиноий гуруҳлар билан боғлиқ ички тартибсизликларга қарамай, FIFA ушбу мамлакат жаҳон чемпионатини муваффақиятли ўтказишига ишонч билдирган. Шундай қилиб, мусобақа режалаштирилганидек уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексика стадионларида бўлиб ўтади.

Изоҳлар мавжуд емас