Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Газпром" компанияси 2030 йилга қадар Марказий Осиё давлатларига табиий газ етказиб бериш ҳажмини йиллик 19–20 миллиард куб метрга етказишни режалаштирмоқда.
"Газпромбанк" қошидаги Иқтисодий прогнозлаш маркази таҳлилларига кўра, Россия газининг минтақага экспорти ҳозирги кўрсаткичлардан икки баробардан кўпроққа ўсади. Бу стратегик йўналиш Россия компанияси учун Европа бозорини йўқотиш ортидан янги сотув йўлларини излаш билан боғлиқ.
Ўзбекистон бу ерда асосий драйвер. Мамлакатга газ етказиб бериш ҳажми ҳозирги 3 миллиард куб метрдан 12 миллиард куб метргача (4 баробар) кўпайиши кутилмоқда. Бунга аҳоли сони ва саноатнинг ўсиши ҳамда ички газ қазиб олиш ҳажмининг қисқариши асосий сабаб қилиб кўрсатилган.
Қозоғистон Республикаси йилига қўшимча равишда 10 миллиард куб метргача газ импорт қилиши мумкин.
Қирғизистонда эса ушбу йўналишда ҳам ўсиш кузатилади, бироқ асосий ҳажм Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Марказий Осиё йўналиши компания умумий тушумида ҳал қилувчи ўрин эгалламайди ва Европа бозорининг ўрнини тўлиқ қоплай олмайди. Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб Россия ички бозорида газ нархининг 9,6 фоизга оширилиши кутилмоқда, бу эса Россия ичида истеъмолнинг камайишига олиб келиши мумкин.
Кейинги беш йилликда Марказий Осиё "Газпром" учун ҳажмларни қайта йўналтиришда энг муҳим минтақавий бозорлардан бирига айланади.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россиядан табиий газ импорт қилишни тўлиқ тўхтатишни режалаштираётганига қарамай, амалда айрим давлатлар ҳанузгача Москва қазилма ёқилғисига боғлиқлигича қолмоқда эди.

Изоҳлар мавжуд емас