Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эроннинг Бушер шаҳри яқинида жойлашган атом электр станцияси ҳудудига снаряд келиб тушди. Эрон Атом энергияси ташкилоти ва "Росатом" раҳбарияти ушбу ҳужумни халқаро хавфсизлик нормаларига зид деб баҳолади.
Ҳодиса кеча, 17 март куни соат 19:00 да юз берган. Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқ ва станция иншоотларига жиддий шикаст етмаган. Ҳозирда ҳудудда радиация фони меъёрда экани айтилмоқда.
"Росатом" раҳбари Алексей Лихачёв ядровий энергетика объектларига берилаётган зарбаларни халқаро хавфсизлик тамойилларини очиқчасига менсимаслик деб атаган. Унинг сўзларига кўра, станцияда 480 нафар россиялик мутахассис қолмоқда ва ҳозирда ходимларни эвакуация қилишнинг учинчи босқичи тайёрланмоқда.
Мазкур вазият юзасидан халқаро ҳамжамиятлар ҳам муносабат билдирган. МАГАТЭ ташкилоти бош директори Рафаэль Гросси ядровий авария хавфини олдини олиш учун томонларни максимал даражада вазминликка чақирган.
Эрон томони ушбу ҳаракатлар бутун минтақа учун қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирдган.
"Росатом" зарбани қатъий қоралаб, можаро томонларини АЭС ҳудудида вазиятни юмшатиш учун барча чораларни кўришга чақирган.
Маълумот учун, Бушер АЭС Эрондаги биринчи атом электр станцияси бўлиб, унинг қурилиши "Росатом" иштирокида амалга оширилган.
2025 йил ёз ойларида 12 кунлик урушда Эрон ядровий объектларига берилган зарбалар қўшни давлатлар экологиясига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Маълум об-ҳаво шароитида радиоактив заррачалар ҳаво массалари билан Ўзбекистон ҳудудига олиб келиниши мумкин. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов маълум қилганди.
Ҳозирги ҳолат яна шу хавотирларни кун тартибига чиқарди.

Изоҳлар мавжуд емас