Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакат полицияси жамоатчилик орасида ваҳима ва қўрқув тарқатган сохта пайғамбар - Эбоа Ноҳ киберхавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган махсус амалиёт давомидa қўлга олди.
Гана полиция хизмати ўзини пайғамбар деб эълон қилган Эбоа Ноҳнинг ҳибсга олинганини расман тасдиқлади. У 2025 йилнинг Рождество байрами куни дунёни сув босиши ҳақида баҳсли башорат бериб, аҳоли орасида тартибсизликлар келтириб чиқаришда гумонланмоқда. Полициянинг махсус кибер тергов гуруҳи диний маросимлар олдидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган мониторинг давомида уни қўлга олган.
Эбоа Ноҳ исми билан танилган Эшун 2025 йил август ойида "илоҳий ваҳий" асосида улкан ёғоч кема қурганини эълон қилиб, машҳурликка эришган эди. У 25 декабрдан бошлаб уч йил давомида тўхтовсиз ёмғир ёғиши ва глобал тошқин бўлишини иддао қилган. Натижада кўплаб одамлар, ҳатто қўшни Либерия давлатидан ҳам фуқаролар кемадан жой сотиб олиш ва нажот топиш мақсадида пайғамбарга пул хайрия қила бошлаган.
Қизиғи шундаки, башорат қилинган куни тошқин содир бўлмагач, Эшун видеомурожаат билан чиқиб, гўёки "янги ваҳий" олганини айтган. Унинг иддаосига кўра, кемага сиғмай қолган одамлар кўплиги сабабли, Худо қўшимча кемалар қуриш учун вақтни узайтирган.
У тўплаган пулларига янги машина ҳам сотиб олган эди.
Гана ҳуқуқ-тартибот идоралари аввалроқ диний раҳбарларни йил якунидаги тадбирларда ваҳима уйғотувчи башоратлар қилмаслик ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳозирда гумонланувчи терговга ёрдам бериш учун ҳибсда ушлаб турилибди. Полиция жамоатчиликни хотиржамликка чақириб, қонуний чоралар тегишли тартибда амалга оширилишини маълум қилди.

Изоҳлар мавжуд емас