Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони, адмирал Алиризо Тангсири стратегик ороллар ва соҳил бўйи мудофаасини кучайтириш амалиёти давомида олган оғир жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлди. Баёнотда қайд этилишича, марҳум қўмондон қарийб ярим асрлик ҳарбий фаолияти давомида АҚШ ҳарбий самолётлари ва душманнинг муҳим инфратузилмаларини йўқ қилишда етакчилик қилган.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўз баёнотида Тангсирининг ўлими Эрон ҳарбий салоҳиятини заифлатмаслигини, аксинча, Ҳарбий-денгиз кучларининг Ҳўрмуз бўғозидаги назорати ва қатъий бошқаруви давом этишини таъкидлаган. Корпус раҳбарияти марҳум қўмондонни миллий қаҳрамон Раис Али Делварийга қиёслаб, унинг хотираси йўлида душманга қарши курашни тўлиқ ғалабагача давом эттиришга ваъда берган. Шунингдек, баёнотда Эрон халқи ва ҳарбийлари Қуддусни озод қилмагунча тўхтамаслиги алоҳида қайд этилган.
Адмирал Тангсирининг вафоти муносабати билан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Мужтоба Хоманаий ва бутун мамлакат халқига таъзия билдирилган. Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу йўқотиш минтақадаги кескинлик энг юқори нуқтага чиққан бир пайтда юз бергани сабабли, Эрон денгиз флоти яқин кунларда янги ҳарбий амалиётларни амалга ошириши мумкин.
Аввалроқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИМК) расмий вакили ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари Али Муҳаммад Наиний ҳам АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганди. Бу ҳақда жума куни Эрон давлат телеканали хабар тарқатган эди.

Изоҳлар мавжуд емас