Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йил 22 декабрь, душанба куни эрталаб Москванинг жанубий туманида Россия Қуролли кучлари Бош штабининг муҳим лавозимдаги мулозими, генерал-лейтенант Фанил Сарваров суиқасд қурбони бўлди. Унинг шахсий автомобилига ўрнатилган қўлбола портловчи қурилма Москва вақти билан соат 10:39 да ишга тушган.
Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан "қотиллик" моддаси билан жиноят иши қўзғатди. Дастлабки тахминларга кўра, ҳужум ортида Украина махсус хизматлари турган бўлиши мумкин.
Генерал-лейтенант Фанил Сарваров Бош штабнинг ўқув бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб, Россия қўшинларини тайёрлаш ва шайлантиришда марказий рол ўйнаган.

Портловчи мослама автомобиль остига ўрнатилган ва масофадан ёки махсус датчик орқали ҳаракатга келтирилган.
Ҳозирда Россия махсус хизматлари жиноятчиларнинг изига тушиш ва уларнинг Украина разведкаси (СБУ) билан алоқасини исботлаш устида тезкор тергов ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг тахминан 11 ноябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуга ҳам суиқасд тайёрланаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Москвадаги Троекуров қабристонида амалга оширилиши кўзда тутилган суиқасд режаси фош этилган ва унинг олди ўз вақтида олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас