Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШ Президенти Дональд Трампни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмасликка чақирмоқда. Ар-Риёд амалдаги ҳарбий кампанияни Яқин Шарқдаги вазиятни тубдан ўзгартириш учун тарихий имконият деб ҳисобламоқда.
Валиаҳд шаҳзода Эроннинг амалдаги ҳукумати минтақа учун доимий хавф эканлигини ва бу муаммони фақат амалдаги тузумни ўзгартириш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади. Ўз навбатида, Дональд Трамп урушнинг нефть нархи ва жаҳон иқтисодиётига салбий таъсиридан хавотир билдирган. Бироқ Муҳаммад бин Салмон иқтисодий оқибатлар вақтинчалик характерга эга эканлигини айтиб, Вашингтонни қатъий позицияда қолишга ишонтиришга уринган.
Маълумот учун, Дональд Трамп Эрон билан музокаралар олиб бормоқда. Бу иш муваффақиятли кетаётганини даъво қилаётган бўлса-да, Теҳрон томони Вашингтон билан ҳар қандай алоқаларни расман рад этмоқда.
Саудия Арабистонининг ушбу жараёнга аралашуви минтақадаги геосиёсий кучлар мувозанатига жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Мудофаа вазирлиги Эрон билан давом этаётган қуролли тўқнашувга нуқта қўйиш мақсадида "Эпик ғалаба" деб номланган ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрмоқда. Axios нашрининг Оқ уйдаги манбаларига таяниб хабар беришича, яқин 48 соат ичида музокараларда силжиш бўлмаса, Пентагон Эроннинг стратегик муҳим Харк, Лорак ва Абу-Мусо оролларини оккупация қилишга киришади.

Изоҳлар мавжуд емас