Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан кескинликни юмшатиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини таъкидлаётган бир пайтда, Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Вашингтоннинг ҳатти-ҳаракатлари бу баёнотларга мутлақо зид эканини билдирди. Дипломатнинг қайд этишича, АҚШ бир вақтнинг ўзида ҳам ҳужум уюштириб, ҳам музокара столи ҳақида гапириши мумкин эмас.
АҚШ маъмурияти раҳбари Дональд Трамп Эрон билан янги келишувга эришиш йўлида мулоқотлар кетаётганини фаол тарзда илгари сурмоқда. Бироқ элчи Искандарий ОАВ вакиллари билан учрашувда Вашингтоннинг бу позициясини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларидан фойдаланиб Эрон нишонларига ҳужум қилинаётган бир шароитда, "музокара" ҳақидаги гаплар фақатгина сиёсий воситадир.
Эрон томони АҚШнинг минтақадаги агрессив ҳаракатларини, хусусан, Исроилнинг ҳужумларини қўллаб-қувватлаётгани ва Эроннинг суверен ҳудудларига зарбалар берилишида бевосита иштирок этаётганини қоралади. Элчининг фикрича, АҚШ аввалги келишувларни (ядровий битимни) бир томонлама бузган ва ҳозирда ҳам ҳарбий босим ўтказишда давом этмоқда. Бундай шароитда Эрон ҳеч қандай тўғридан-тўғри музокара олиб бормаётгани алоҳида қайд этилди.
Муҳаммад Али Искандарийнинг баён қилишича, уруш оловини тўхтатиш ва ҳар қандай мулоқотни бошлаш учун АҚШ аввало қуйидаги қадамларни ташлаши шарт:
-
Эронга нисбатан амалга оширилган агрессияга халқаро даражада ҳуқуқий баҳо берилиши;
-
Етказилган моддий ва маънавий зарарнинг тўлиқ қопланиши;
-
Эроннинг қонуний мудофаа ҳуқуқлари тан олиниши.
Шундай қилиб, Вашингтоннинг оптимистик баёнотларига қарамай, Эрон дипломатик корпуси АҚШнинг позициясини "иккиюзламачилик" сифатида баҳоламоқда. Элчининг сўзларига кўра, токи Эрон тупроғига ҳужумлар давом этар ва АҚШ минтақани қуроллантиришда давом этар экан, ҳеч қандай келишув ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Эрон халқи ва раҳбарияти эса бундай таҳдидлар остида фақат икки йўлни — зафар ёки шаҳидликни кўришини яна бир бор таъкидлади.
Аввалроқ дипломат Теҳрон ҳар қандай тажовузга тайёр ва бу курашда фақат икки йўл — ғолиблик ёки шаҳидликни кўришини айтган эди.

Изоҳлар мавжуд емас