Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 15 март куни Қозоғистонда бўлиб ўтган умуммиллий референдум натижаларига кўра, сайловчиларнинг мутлақ кўпчилиги янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз берди. Бу билан мамлакат давлат бошқарувининг янги моделига ўтади. Batafsil.uz мухбири сайлов жараёнларидан дастлабки маълумотларни тақдим этди.
Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, овоз беришда сайловчиларнинг 75,3 фоизи иштирок этган. Евроосиё интеграцияси институти сайловчиларнинг 86,7% асосий қонуннинг янги версиясини қўллаб-қувватлаганини очиқлаган.
АМАNАТ партиясининг Жамоат сиёсати институти респондентларнинг 88,6% янги Конституция учун овоз берганини айтмоқда. Ушбу экзит-полл натижаларига кўра, сайловчиларнинг иштироки 72,1% ни ташкил этган.
Янги Асосий қонун 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Бу Қосим-Жомарт Тўқаев давридаги иккинчи, мамлакат мустақиллик тарихидаги эса еттинчи конституциявий ислоҳотдир.
Давлат бошқарувидаги асосий ўзгаришлардан бири вице-президентлик лавозими қайта тикланади. Бу лавозим 1996 йилда бекор қилинган эди.
Икки палатали тизим (Мажлис ва Сенат) ўрнига 145 нафар депутатдан иборат бир палатали "Қурултой" ташкил этилади.
Миллий бирликни мустаҳкамловчи ва муҳим масалалар бўйича маслаҳат берувчи янги орган тузилади.
Янги Конституцияда давлат ташкилотларида рус тилининг қўлланилиши "қозоқ тили билан баравар" эмас, балки "қозоқ тили билан бир қаторда" деб белгиланган. Шунингдек, қўшфуқароликка мутлақ тақиқ ўрнатилди ва никоҳ фақат "эркак ва аёлнинг иттифоқи" экани қатъий қайд этилган. Нодавлат ташкилотларига эса чет элдан олинадиган маблағларни очиқ эълон қилиш мажбурияти юкланган.
Ушбу ислоҳотлар Тўқаевнинг "Адолатли Қозоғистон" қуриш стратегиясининг бир қисми бўлиб, "кучли президент — таъсирли парламент — ҳисобдор ҳукумат" тамойилини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Шунингдек, партияларни хориждан молиялаштириш тақиқланиб, ички сиёсатга ташқи таъсирларни камайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари 15 март қўшни мамлакатда Конституция куни сифатида нишонланиши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас