Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 24 декабрь куни кечқурун Тайваннинг жануби-шарқий ҳудудларида 6,1 магнитудали ер силкиниши қайд этилган, ҳозирча жабрланганлар ва жиддий вайронагарчиликлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Оролнинг об-ҳаво маъмурияти хабарига кўра, маҳаллий вақт билан соат 17:47 да юз берган зилзила ўчоғи 11,9 километр чуқурликда жойлашган. Ер силкиниши пойтахт Тайбэйда ҳам биноларнинг тебранишига сабаб бўлган. АҚШ Геология хизмати (USGS) зилзила кучини 6,0 магнитуда деб баҳолаган.
Тайбэй, Гаосюн, Тайчжун ва Тайнан шаҳарларида хавф ҳақида огоҳлантириш берилган. Хуалянь ва Пиндун округларида силкиниш кучи 7 баллик шкала бўйича 4 баллга тенг бўлган.
Миллий ёнғин хавфсизлиги агентлиги транспорт тармоқларига зарар етгани ҳақида хабар бермади. Дунёдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчи TSMC компанияси зилзила кучи заводлардан ходимларни эвакуация қилиш даражасига етмаганини маълум қилган.
Тайвань ороли иккита тектоник плита туташган жойда жойлашгани сабабли сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 10:39 да Афғонистоннинг Тахор вилоятида кучли зилзила содир бўлганди. Унинг кучи Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида, хусусан, Сурхондарёда юқори тебранишда сезилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас