Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кеча, 24 декабрь куни Тожикистон ва Афғонистон чегарасининг Шамсиддин Шоҳин тумани ҳудудида содир бўлган тўқнашув оқибатида Тожикистон чегара қўшинларининг икки нафар офицери ва бир неча террорчи ҳалок бўлди.
Маълумотларга кўра, воқеа "Саричашма" ҳарбий қисмига қарашли Баҳорак ҳудудида юз берган. Қуролли тўқнашув тожик чегарачилари ва Афғонистон ҳудудидан ўтишга уринган террорчилар гуруҳи ўртасида келиб чиққан.
Ҳалок бўлган ҳарбийлар — 28 ёшли Исматулло Қурбонов ва 33 ёшли Зиребон Наврузбеков экани очиқланган.
Тожикистон расмийларининг расмий баёнотига кўра, 2025 йил 23 декабрь куни соат 23:30 да террорчилик ташкилотининг уч нафар аъзоси Шамсиддин Шоҳин туманининг Кавок ҳудудидаги чегара заставасининг қўриқлаш зонасида Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 24 декабрь куни соат 11:15 да уларнинг манзили аниқланган.
Ҳозиргача Афғонистондаги "Толибон" ҳукумати вакиллари юз берган ҳолат юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.
Таъкидланишича, мазкур ҳудудда чегара хавфсизлигини таъминлаш мақсадида назорат кучайтирилган бўлиб, сўнгги пайтларда чегара орқали ноқонуний ўтишга уринишлар тез-тез кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳам Тожикистон ва Афғонистон чегарасида 2025 йилнинг олти ойида Тожикистон хавфсизлик кучлари ва қуролланган гиёҳванд моддалар сотувчилари ўртасида 10 та қуролли тўқнашув содир этилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас