Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Измир вилоятида кеча кечаси ёғган кучли ёмғир ва чақмоқли бўрон қисқа вақт ичида селга айланди. Натижада бир нечта уй, меҳмонхона ва иш жойларига сув кирган, кўплаб автомобиллар эса сувда қолиб кетган.
Маҳаллий ахборотларга кўра, энг жиддий зарар Бергама туманининг Баҳчелиевлер маҳалласида кузатилган. Кучли ёғингарчилик натижасида дарё тошиб, атрофдаги кўчалар ва хонадонларни сув босган, айрим фуқаролар эса моддий талофатларга дуч келган.
Воқеа жойига Измир вилояти Буюкшаҳри ва Бергама шаҳар ҳокимлиги хизматлари, АFAD (Фавқулодда вазиятлар бошқармаси) ҳамда полиция экипажлари жалб этилди. Улар сув босган ҳудудларда қолган фуқароларни қутқариш, сувни чиқариш ва хавфсизликни таъминлаш ишларини олиб бормоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, айрим ҳудудларда бир неча соат ичида бир метр квадратига 100 миллиметергача ёмғир ёғгани аниқланган. Мутахассислар бундай ёғин миқдори қисқа фурсатда сел хавфини кучайтирганини билдирган.
Ҳозирча жабрланганлар сони ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Туркиянинг Баликесир вилояти Синдирги туманида 6,1 магнитудали кучли зилзила содир бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас