Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган икки ҳафталик сулҳ келишувидан 24 соат ўтмай, минтақада вазият қайта кескинлашди. Исроилнинг Ливан бўйлаб уюштирган йирик ҳаво ҳужумлари натижасида камида 254 киши ҳалок бўлди, Эрон эса сулҳ шартлари бузилганини даъво қилмоқда.
Сулҳ кечагина, 7 апрель оқшомида, АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан Эронга қўйилган ультиматум муддати тугашига икки соатдан кам вақт қолганда шартли ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгандилар.
Исроил сулҳ эълон қилингандан сўнг ҳам Ливан бўйлаб 100 дан ортиқ нуқтага зарба берган. Қурбонларнинг 90 нафардан ортиғи пойтахт Байрут ҳиссасига тўғри келмоқда. Исроил ва АҚШ Ливан ҳудуди мазкур сулҳ келишувига киритилмаганини таъкидламоқда, Эрон ва Покистон эса бунга мутлақо зид позицияда. Ҳатто Покистон бош вазири томонларни сулҳга риоя қилишга чақирган.
Теҳрон расмийлари АҚШ ва Исроилни сулҳни бузганликда айблаб, учта асосий сабабни илгари сурган. Булардан бири Ҳизбуллоҳ гуруҳига қарши ҳужумлар бўлса, яна бири ядровий келишувга бўлган АҚШнинг муносабати. Улар бойитилган уранини учинчи томонга топширишни талаб қилмоқда. Шунингдек, Форс вилоятидаги Лар шаҳри устида йўқ қилинган Эрон ҳаво ҳудудига ноқонуний дроннинг бостириб кириши, Эрон ҳаво ҳудудини бундан кейин бузишни тақиқловчи банднинг аниқ бузилганини айтмоқда.
Ҳизбуллоҳ ҳам бу жараёнда жим тургани йўқ. Исроил ҳужумларига жавобан улар мамлакат шимолига ракеталар отган ва буни "сулҳнинг бузилишига жавоб" деб атаган.
Президент Трамп агар Эрон билан якуний келишувга эришилмаса, минтақада "илгари ҳеч ким кўрмаган даражада кучли" ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан огоҳлантирган. У АҚШ кучлари минтақада қолишини ва "душманни йўқ қилишга" тайёрлигини билдирган.
Ливандаги ҳужумларга жавобан Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали юкларни ташишни тўхтатган. АҚШ томони эса сув йўлида ҳаракат нормал ҳолатга қайтаётганини айтмоқда.
Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху сулҳга қарамай, Эроннинг ядровий материалларини мамлакатдан чиқариб юбориш мақсади ўз кучида қолишини ва бу ҳали "охири эмаслигини" маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас