Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Москванинг Тверь суди Денис ва Николай Штенгеловларни экстремистик бирлашма деб ҳисоблаб, уларга тегишли "КДВ Групп" холдингини Россия Федерацияси даромадига ундириш тўғрисида қарор чиқарди.
"Интерфакс" хабарига кўра, судья бош прокуратуранинг даъво талаблари тўлиқ ҳажмда қаноатлантирилиши кераклигини эълон қилган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, "КДВ Групп"нинг капиталлашуви 497 миллиард рублни, йиллик даромади 756 миллиард рублни, ялпи фойдаси эса 139 миллиард рублни ташкил этади.
"КДВ Групп" холдинги Россиянинг озиқ-овқат саноатидаги энг йирик ўйинчилардан бири ҳисобланади. Компания машҳур "Яшкино”, "Бабкины семечки”, "Кириешки", "Медвежонок Барни" (лицензия асосида), “Хрустим”, “Фишка”, “КДВ”, "3 Корочки”, "Chipsters”, "Bondi" брендлари остида ширинликлар ва снеклар каби 700 дан ортиқ номдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради, шунингдек, "Ярче!" супермаркетлар тармоғига эгалик қилади. Ишлаб чиқариш майдончалари Краснодар ўлкаси, Воронеж, Кемерово, Москва, Новосибирск ва Томск вилоятларида жойлашган.
Штенгеловлар оиласига қарши даъво август ойида қўзғатилган. Идоранинг таъкидлашича, Австралия фуқароси Денис Штенгелов ва унинг отаси, Украина фуқароси Николай Штенгелов фаолияти "экстремистик деб тан олиниши ва тақиқланиши керак бўлган" бирлашмага аъзо.
Прокуратура маълумотларига кўра, Николай Штенгелов Украинадаги йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари эгаси сифатида Украина томонига молиявий ёрдам кўрсатган ва кейинчалик РФда тақиқланган "Азов”, "Айдар" ва "Днепр-1" батальонларини шакллантириш учун кадрлар базасига айланган ҳарбийлаштирилган бўлинма ташкил этган.
Даъвогарнинг сўзларига кўра, Денис Штенгелов махсус операция бошланганидан кейин Россия армиясининг ҳаракатларини очиқчасига қоралаган ва "хорижий корхоналар орқали Украина қуролли тузилмаларини озиқ-овқат ва бошқа товарлар билан таъминлаган". Шунингдек, у ўзи назорат қиладиган Нидерландиянинг "NAK" компаниясида "Россиялик акциядорларнинг ҳуқуқларини чеклагани" айтилмоқда.
Терговнинг аниқлашича, Штенгеловларнинг асосий даромад манбаи айнан "КДВ Групп" бўлган. Прокуратура маълумотларига кўра, оила ноқонуний равишда даромадни чет элга - дўстона бўлмаган юрисдикцияларга олиб чиққан. 2022 йилдан буён АҚШ ва Австралия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун хорижга 21 миллиард рублдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Кичик Штенгеловнинг хорижий активлари орасида:
-
2022 йилда 200 миллион долларга сотиб олинган Американинг Liberty Orchards қандолатчилик компанияси (Вашингтон штати, АҚШ);
-
Хорватиянинг Zvečevo заводи - 2024 йилда 30 миллион долларга сотиб олинган;
-
Австралиянинг Голд-Кост шаҳридаги қиймати 50 миллион доллардан ортиқ бўлган "KDV Sport" спорт мажмуаси мавжуд.
Штенгеловларнинг адвокатлари ҳудудий судловга тааллуқлиликни ўзгартиришни ва ишни Томск ёки Россия Федерацияси Олий судига топширишни сўрашган, бироқ судья илтимосномани рад этган.
Ҳимоя томони айбловларни сиёсий сабабларга кўра деб атаб, қарор устидан шикоят қилиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Ўз навбатида, Бош прокуратура "КДВ Групп"нинг барча активларини, жумладан, "Кондитерус Ком" АЖ бош компанияси акцияларини давлат даромадига ўтказишни, шунингдек, холдингнинг барча Россия корхоналари ҳисоб рақамлари ва улушларини хатлашни талаб қилди.
Forbes маълумотларига кўра, Штенгеловнинг 2024 йилдаги активлари 1,4 миллиард долларга баҳоланган, бу эса унга Россиянинг энг бой тадбиркорлари рейтингида 98-ўринни эгаллаш имконини берган.
Компаниянинг 2023 йилги ҳисоботига кўра, холдинг расман Россия фуқаросига тегишли бўлиб, унинг исми ошкор этилмаган.
Изоҳлар мавжуд емас