Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ханти-Мансийск автоном округи думаси ўзбекларнинг "тарихий ватани" ҳақида гапирган КПРФ фракцияси депутати Холид Таги-Задени маошидан маҳрум қилди.
Қарор лойиҳаси 3 июль, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда кўриб чиқилди. Думанинг ижтимоий ривожланиш қўмитаси раҳбари Василий Филиппенконинг тушунтиришича, қарор депутат "амалда депутатлик функциялари билан шуғулланмаётгани" билан боғлиқ.
"Кимнидир ҳақорат қилиш хаёлимда ҳам йўқ эди... Хаёлимда фақат ҳамма ҳам бюджетга ёпишиб олиш учун келмайди, деган фикр бор эди. Айтмоқчи бўлганим, балки одамлар яхши ният билан кетаётгандир, умумий маданият, умумий тарих бор, улар Россиянинг бир қисми бўлишни хоҳлашади, улар бизнинг мамлакатимизга яқинликни ҳис қилишади. Баъзи одамлар, ҳамма эмас. Мен мамлакатни севаман, бу ерда 40 йилдан бери яшайман. Мен халқимизни, бу ерда яшайдиган барча халқларни яхши кўраман," - деди Таги-Заде овоз беришдан олдин ўзбеклар ҳақида гапиргани учун узр сўраб.
Бироқ, дума раиси Борис Хохряков қарор "провокацион ибора билан бевосита боғлиқ эмаслигини" таъкидлади.
Овоз бериш натижаларига кўра, 32 нафар депутат қарорни қўллаб-қувватлади, бир нафари қарши чиқди, беш нафари бетараф қолди. Парламент матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Таги-Заде ўз мандатини сақлаб қолади ва ижтимоий ривожланиш қўмитасида ишлашни давом эттиради, бироқ маош олмайди.
Депутат ўзбекларнинг "тарихий ватани" ҳақида май ойи охирида баёнот берди. Шундан сўнг, ИҲКдан Кирилл Кабанов унинг сўзларини "экстремистик" деб атади, Давлат Думаси депутатлари эса Бош прокуратурага мурожаат қилишди. Кейинчалик Таги-Заде узр сўради, аммо у қўмита раисининг ўринбосари лавозимидан маҳрум қилинди.
Изоҳлар мавжуд емас