Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлигига "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамиятидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан тақдимнома киритди.
Маълумотларга кўра, давлат раҳбарининг фармонлари билан "Ўзбекистон почтаси" АЖ трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатига киритилган. Шунингдек, жамиятнинг 29,4% давлат улуши оммавий савдога чиқариладиган акциялар пакетлари рўйхатида жой олган.
Хусусийлаштириш жараёнлари шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принциплари асосида амалга оширилиши қонунчиликда белгиланган.
Давлат органлари хусусийлаштирилаётган мулк ҳақида маълумотларни Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириши ва ҳар чоракда янгилаб бориши мажбурий саналади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 572-сон Қарорига кўра, давлат мулки объектлари ҳақида маълумот порталга жойлаштирилмасдан савдога чиқаришга йўл қўйилмайди.
Мутахассислар фикрига кўра, "Ўзбекистон почтаси" мисолида бошланган шаффофлик ташаббуси энди бошқа яширин ёки ёпиқ хусусийлаштирилган объектларга ҳам эътибор қаратилиши мумкин. Жумладан, Деҳқонобод калий заводи, Paynet, UNG Petro, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи каби ўнлаб активлар бўйича ҳам тақдимномалар киритилиб, хусусийлаштириш жараёнларининг қонунийлиги ва шаффофлиги текширилиши кутилмоқда.
"Уйлаймизки, бу навбатдаги имитация эмас. Энди Антикоррупция агентлиги охирги йилларда "ўзбекча хусусийлаштириш оталари" қонунга зид равишда яширинча ёки ёпиқ ҳолда амалга оширган ўнлаб хусусийлаштириш кейслари бўйича ҳам ҳуқуқий ҳаракатларни бошлайди", — деди Bakiroо телеграм каналида.
Аввалроқ "Ўзбекистон почтаси"нинг хусусийлаштирилиши мумкинлиги ва инвестор изланаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда Uzum компанияси АЖни модернизация қилиш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш учун сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас