Загрузка
Загрузка
Эксперт: пул ўтказмалари ва экспорт ҳажмининг пасайиши 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин
Иқтисод

Эксперт: пул ўтказмалари ва экспорт ҳажмининг пасайиши 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин

72
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда қандай ривожланади? Бу масала соҳа мутахассисларини ҳам, оддий фуқароларни ҳам қизиқтиради. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки ҳар-бир киши учун ЯИМнинг миқдорий ўсиши мамлакатда ҳаёт сифатининг ошишидан далолат   бериши керак.

Умуман олганда, ҳамма нарса яхши бўлиши керак. Ўтган йилнинг декабрь ойида тасдиқланган Ўзбекистон бюджетида 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,6-5,8 фоизга ўсиши режалаштирилган. Халқаро ташкилотларнинг тахминлари ҳам бундан унчалик фарқ қилмайди.

Бироқ, баъзи омиллар юқоридаги кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Буларга чет элдан пул ўтказмалари, товарлар ва хизматлар экспортининг пасайиши киради. И. М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (ИТУ) Тошкентдаги филиали сектор мудири, "Нефть ва газ иқтисодиёти" кафедраси доценти Шухрат Бобохўжаев Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан мухбиримизга ўртоқлашди.

Оптимизм билан қараш мумкинми?

Ўтган йилнинг декабрь ойида тасдиқланган Ўзбекистон бюджетида 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,6-5,8 фоизга ўсиши режалаштирилган. Халқаро валюта жамғармаси дастлаб жорий йилда мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишини 5,7% га баҳолаган, аммо ўтган йилнинг сентябрь ойида энергия тарифларининг ўсиши туфайли прогнозини 5,2%га туширган. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки мамлакатимиз иқтисодиётининг 5,5 фоизга, Европа тараққиёт банки эса 6,5 фоизга ўсишини башорат қилган.

"Тақдим этилган прогнозлардан кўриниб турибдики, кўрсаткичларда кичик фарқлар мавжуд (1,3% –таҳририят изоҳи). Бу   мамлакатимиз иқтисодиётининг бу йилги ўсишини баҳолаш бўйича қарашларнинг бирлигидан далолат беради, бу бизни келажакка оптимистик қарашга ундаши керак. Аммо, менинг фикримча, бир қатор муҳим омиллар мавжудки, уларнинг ўзгариши якуний натижага сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин",- деди Шухрат Бобохўжаев. 

Ушбу омиллар қаторида эксперт чет элдан келаётган пул ўтказмаларининг пасайиши ва ташқи иқтисодий фаолият ҳажми, миллий валютанинг девальвацияси, инфляция ва ишсизлик даражаси, олтин-валюта захиралари ҳажми ва бошқаларни санаб ўтди.

Пул ўтказмалари

Ўзбекистон фуқароларининг чет элдан келган пул ўтказмалари аҳолининг тўлов қобилиятига, товар ва хизматларга бўлган талабга ва шунга мувофиқ, иқтисодий ўсишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йилда хорижда ишлаётган меҳнат мигрантлари ва юртдошларимиз Ўзбекистонга 16,7 миллиард доллар (ЯИМнинг қарийб 21 фоизи) ўтказишган. Шу билан бирга, барча ўтказмаларнинг 87 фоизи Россия Федерациясидан келган. 2023 йил учун берилган прогнозларга кўра, пул ўтказмалари 16,1 миллиард долларгача тушиши керак эди (ЯИМнинг тахминан 17,8%).

"Жорий йилда, биринчи навбатда, Россиядан пул ўтказмаларининг янада пасайиши кутилмоқда.   Инфляциянинг   ўсиши ва Россия Федерациясида мигрантларга қўйилаётган талаблар, қолаверса, иш шароитларининг   янада оғирлашиши фонида ишлаётган мигрантлар сони кескин пасайиши бунга сабаб бўлиши мумкин. Ушбу мамлакатдан пул ўтказмалари ҳажмининг пасайиши Ўзбекистон иқтисодиёти учун ноқулай ташқи омил бўлиши мумкин", – дея таъкидлади эксперт.

Ташқи иқтисодий фаолият

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ташқи иқтисодий савдо айланмаси ҳар йил ўсиб бормоқда, бу ўз-ўзидан ижобий кўрсаткичдир.

Мамлакатимиз корхоналари экспорт-импорт операцияларни 193та мамлакат билан амалга оширишмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда товар айирбошлашнинг энг катта ҳажми Х итой, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия билан қайд этилган. Ушбу мамлакатлардан импортнинг энг катта ҳажми Хитойдан амалга оширилади, экспорт эса Россияга тўғри келади. Товар айланмасининг умумий ҳажмида ушбу мамлакатлар 53% ташкил қилишади.

Ўзбекистон асосан олтин (31,8%) ва металлар (10%) ҳамда хизматлар (15%) ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (9%) экспорт қилади. Мамлакатимиз ускуналар ва машиналар (38,2%), саноат маҳсулотлари (16,6%), кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,3 %), озиқ-овқат (11%) импорт қилади. Шуни таъкидлаш керакки, экспорт-импорт операцияларининг баланси салбий,   экспорт қилишдан кўра, мамлакатга маҳсулот ва хизматлар кўпроқ олиб келинади.

“Дунёдаги мураккаб ва ноаниқ вазиятни, яъни маҳаллий урушлар, долларда ҳисоб-китоб қилишдан воз кечиш, санкциялар, қабул қилинган халқаро шартномаларни ва қоидаларнинг бузилиши ва бошқа омиллар, шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий шерик мамлакатлари, хусусан, Хитой ва Россия иқтисодиётларида беқарорлик ва муаммолар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу давлатлар билан савдо алоқаларининг ёмонлашиши ва жорий йилда ташқи молиявий шароитларнинг янада кескинлашиш хавфи мавжуд”, - деди Шухрат Бобохўжаев.

Унинг сўзларига кўра, экспорт тушумларининг ташқи бозордаги олтин, металлар ва бошқа ресурсларнинг ҳолати ва нархларига боғлиқлиги хавфи ҳам катта. Ушбу хатарлар мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳолатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Миллий валютанинг девальвацияси

Жорий йилнинг июл ойида Ўзбекистон сўми 30 ёшга тўлади. Йиллар давомида миллий валюта долларга нисбатан 1770 баравардан кўпроқ пасайди: 1994 йил 1 июлда доллар нархи 7 бўлган, бугунги кунда унинг нархи 12 400 сўмдан ошди.

Экспертнинг таъкидлашича, миллий валютанинг девальвацияси давлат назорати остида амалга оширилади ва иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсатади. Ушбу сиёсатни амалга ошириш девальвация жараёнида ҳам ижобий, ҳам салбий томонлар мавжудлиги билан боғлиқ.

Ижобий жиҳатлар экспортни рағбатлантириш, маҳаллий маҳсулотларга талабни ошириш, ички ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бошқалардан иборат. Шу билан бирга, девальвация иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларига салбий таъсир қилади, аҳолининг турмуш даражасини ва миллий валютага бўлган ишончни пасайтиради ва инфляциянинг ўсиши учун асосдир.

"Эҳтимол, ушбу сиёсатнинг ижобий томонлари кўпроқдир, аммо шу билан бирга миллий валютанинг барқарор курсини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатнинг тартибга солувчи органларига валюта ресурслари етарли эмас. Ўтган йилнинг ёзидан бошлаб миллий валютанинг девальвация   жараёни тезлашди", - деди Бобохўжаев.

Сўм девальвацияси жараёни бевосита мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолияти билан боғлиқ. Маҳсулот ва хизматлар экспортидан етарли миқдорда валюта ресурсларининг тушумлари республика Марказий банкига сўм курсини барқарор сақлашга имкон беради.

Экспертнинг фикрига кўра, жорий йилда сўм девальвациясининг янада жадаллашиши мамлакат иқтисодиётининг ўсишига жиддий тўсқинлик қилиши мумкин ва бунинг учун етарли асослар мавжуд.

Инфляция даражаси

Миллий валютанинг девальвацияси мамлакатда инфляция пайдо бўлишининг омилларидан биридир. Ўзбекистонда ҳар йили озиқ-овқат, саноат товарлари ва хизматлари, биринчи навбатда, коммунал хизматларга истеъмол нархларининг сезиларли ўсиши (10-15%) кузатилмоқда, бу эса аҳоли истеъмоли ҳажмини сезиларли даражада камайтиради. Бу товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришнинг ва умуман мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши ва ўсишининг секинлашишига олиб келади.

"Шу билан бирга, нархларни шакллантиришда сезиларли тафовутни қайд этиш керак, аниқроғи – мамлакатда баъзи маҳсулотлар ва товарларга жаҳон нархлари белгиланган, республика фуқароларининг ўртача даромади эса дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари фуқароларидан анча паст. Бу омил ҳам аҳолининг харид қобилиятини кескин камайтиради ва шунинг учун мамлакат иқтисодиётининг ўсишига тўсқинлик қилади", – деди эксперт.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда инфляцияни жиловлаш учун Ўзбекистон Марказий банки бир неча йил олдин инфляцияни тергетлаш режимидан фойдаланиш ва 2023 йилда инфляция даражасини 5 фоизга тушириш тўғрисида қарор қабул қилган. Шунга қарамай, сезиларли натижаларга эришилмади, ўтган йилги инфляция даражаси 9% даражасида қайд этилди.

Ишсизлик       

Статистика идораларининг маълумотларига кўра, мамлакатда ишсизлик даражаси 9,7 фоизни ташкил этади: 13,7 миллион иш билан банд, 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ишсиз. Бу жуда катта рақам. Ишсизликнинг юқори даражаси шуни кўрсатадики, мамлакат табиий ресурслар, транспорт, ишлаб чиқариш бинолари ва жиҳозларидан камроқ фойдаланади.

"Жорий йил бошида мамлакат президенти 2024 йилда аҳоли бандлигини амалга ошириш бўйича режа-дастурни маъқуллади. У беш миллион янги иш ўринларини яратишни назарда тутади. Агар бу барча иш жойларининг тахминан 36% эканлигини ҳисобга олсак, рақамлар фантастик кўринади. Ушбу режани амалга ошириш қанчалик реал эканлигини вақт кўрсатади, аммо бу воқеликдан узоқ кўринади", - деди Бобохўжаев.

Олтин-валюта заҳиралари

Олтин-валюта заҳиралари (ОВЗ) одатда халқаро тўловлар, ички ёки ташқи бозорларда бюджет тақчиллиги ва қарзларини қоплаш зарурати учун ишлатилади.

2024 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон ОВЗ 34,5 миллиард долларни ташкил этган. Шу билан бирга, умумий ҳажмнинг 24,6 миллиард доллари олтинга тўғри келади, республикада 377 тонна олтин бор. Қолаверса, ўтган йили олтин нархи тахминан 12% га кўтарилди, бугунги кунда жаҳон бозорида қимматбаҳо металнинг нархи унция учун 2 минг долларни ташкил этади.

"Ўтган йили мамлакатда биринчи марта 101,6 тоннадан ортиқ олтин қазиб олинди, бу эса Ўзбекистонга қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчиларининг жаҳон рейтингида саккизинчи ўринни эгаллашига имкон берди. Бу келажакда мамлакатга кўпроқ олтин захираларига эга бўлишига шароит яратади, бу эса ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун барқарорлаштирувчи омил   саналади", - деди эксперт.

Натижада нима бўлади?

Шундай қилиб, юқорида айтилганларнинг барчасига асосланиб, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг салбий сценарийси учун етарли асослар мавжудлигини таъкидлаш мумкин.

"Жорий йилда мамлакат аҳолисининг ички бозорда истеъмоли ва тўлов қобилияти пасайиши керак. Юқори инфляция шароитида мигрантлар ва ватандошларнинг чет элдан юборадиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши товарлар ва хизматларга талабнинг пасайишига, натижада ишлаб чиқариш ва ЯИМнинг ҳам пасайишига олиб келиши мумкин", - деди иқтисодчи.

Экспертнинг фикрига кўра, чет элдан пул тушумлари, ташқи иқтисодий фаолият ва олтин-валюта захиралари ҳажми иқтисодиёт ҳолатига энг катта таъсирга эга.

Бошқа омиллар ҳам муҳим, аммо амалиёт шуни кўрсатдики, мамлакатимиз иқтисодиёти уларга мослашган: миллий валютанинг девальвацияси қарийб 30 йил давомида юз бермоқда, инфляция ва ишсизликнинг юқори даражаси ҳам мустақилликка эришганимиздан буён иқтисодиётимизга ҳамроҳ бўлиб келмоқда.

"Катта эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкинки, иқтисодиётимиз ўзгариши тўғридан-тўғри Россиядан келадиган пул ўтказмалари ҳажмига боғлиқ, бу барча тушумлар, шунингдек ушбу мамлакатга маҳсулот экспортининг 87 фоизини ташкил этади. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу йил Россия Федерациясидан пул ўтказмалари ҳажми ва ушбу мамлакатга маҳсулотни экспорт қилиш сезиларли даражада пасайиши мумкин", – дея хулоса қилди Бобохўжаев.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+