Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда Тошкент вилояти иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини пойтахт даражасига етказиш бўйича стратегик вазифалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари вилоятни тадбиркорлик, саноат ва инновациялар борасида намунавий ҳудудга айлантириш зарурлигини таъкидлади.
2025 йил якунларига кўра, вилоят иқтисодиётида ижобий динамика кузатилган. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот 7,1 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 15,2 фоизга ва қурилиш ишлари қарийб 10 фоизга ўсган. 2026 йил учун белгиланган режалар эса янада салмоқли: иқтисодий ўсишни 9,1 фоизга етказиш, 6,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 2,8 миллиард долларлик экспортни амалга ошириш кўзда тутилган.
Йиғилишда туманлар салоҳиятини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш янги тизими жорий этилиши маълум қилинган. Шу мақсадда вилоятда "Рақамли тараққиёт – сунъий интеллект маркази" ташкил этилади. Бундан ташқари, Юқори Чирчиқ туманида қиймати 5 миллиард доллар бўлган Tashkent Medical Smart City халқаро инновацион тиббиёт шаҳарчаси барпо этилади. Нурафшон шаҳрида эса Келажак технологиялари маркази очилиб, 100 дан ортиқ хорижий IT компаниялари жалб қилинади.
Жорий йилда вилоятдаги 883 та маҳаллани камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш ҳам асосий вазифа сифатида белгиланган. Бунинг учун 84,7 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилади, 37 мингта норасмий иш ўринлари легаллаштирилади, 13,3 минг нафар ишсиз фуқаро замонавий касбларга ўқитилади.
Вилоятнинг тоғли ҳудудларида туризмни ривожлантириш мақсадида Паркентда "Олтин бел" тоғ-чанғи курорти ва Оҳангаронда "Мовий тоғлар" мажмуаси ташкил этилади. Натижада сайёҳлар сонини 16,5 миллионга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти бўлмаган 39 та маҳалла марказлашган тизимга уланади, 145 та маҳаллада эса электр тармоқлари ва трансформаторлар тўлиқ янгиланади.
Йиғилиш якунида Президент Тошкент вилоятини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйган.

Изоҳлар мавжуд емас