Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мирзо-Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича судида 10 апрель куни блогер ва тадбиркор Санжар Каримов (Real Sanjik номи билан танилган)га нисбатан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Айбланувчига фирибгарлик, ўлим билан таҳдид қилиш ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи айбловлари қўйилган. У эса ўз айбини тан олмай, ўзини тўлиқ айбсиз деб ҳисобламоқда.
"Ёрдамчи"дан айбланувчигача
Эслатиб ўтамиз, Санжар Каримов номи Жамила Олимбоева билан боғлиқ можаро орқали оммага чиққан эди. У ўз ҳамкори Шаҳзод Рисматовни кўчмас мулк билан боғлиқ фирибгарликда айблаган. Олимбоеванинг айтишича, Рисматов уни алдаш йўли билан уйини қарз эвазига Каримов номига расмийлаштириб берган. Блогер эса ўшанда айбларни рад этиб, уйни 240 минг долларга қонуний равишда сотиб олганини ва буни фақат ёрдам бериш мақсадида қилганини билдирган.
Бироқ 2025 йил ноябрида Шаҳзод Рисматов фирибгарлик учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилгандан сўнг, суд прокуратурага хусусий ажрим чиқарган. Судья Каримов ҳаракатларининг қонунийлигини ва унинг эҳтимолий жиноий схемага алоқадорлигини текширишни топширган. Тергов натижасида 2025 йил 28 ноябр куни блогер қамоққа олинди ва энди у нафақат иқтисодий жиноятлар, балки гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ноқонуний операциялар учун ҳам жавоб беради.
Қарзлар, криптовалюта ва қимматбаҳо автомобиллар
Суд мажлисининг биринчи кунида асосий қисм можаронинг иқтисодий жиҳатларини кўриб чиқишга бағишланди. Жабрланувчи Феруза Раҳматуллаева — Шаҳзод Рисматовнинг онаси — мазкур иш айбланувчи томонидан узоқ йиллик босим натижаси эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, барчаси август ойида Каримов томонидан қўйилган ультиматумдан бошланган:
"Ўғлингиз мендан пул олган, уйни гаровга қўйган. Ерингизни сотиб, қарзни қайтаринг, бир ҳафта вақт бераман".
Раҳматуллаеванинг таъкидлашича, ўша пайтда унинг ўғли Дубайда блогерга боғлиқ шахслар назорати остида бўлган. Ўғлининг ҳаёти ва эркинлигидан хавотирланган она мажбур бўлиб, икки хонадонни Каримовга тегишли тузилмалар номига расмийлаштирган ва бунинг учун ҳеч қандай ҳақ олмаган. Унинг айтишича, ўғли бу пулларни амалда кўрмаган — маблағлар Каримов ва унинг шериклари ўртасида фоиз эвазига айлантириб турилган.
Раҳматуллаева оиласи еттита автомобиль ва икки хонадондан айрилганини, умумий зарар тахминан 700 минг долларни ташкил этганини билдирди. Шунингдек, Каримов ўғлининг паспортини ноқонуний ушлаб тургани ва амалда уни хорижда гаров ҳолатига тушириб қўйгани айтилди.
"Дубайдан тобут" таҳдиди
Раҳматуллаеванинг сўзларига кўра, молиявий можаро тез орада очиқ психологик босимга айланган, бу ҳолат Жиноят кодексининг 112-моддаси (Ўлдириш билан таҳдид қилиш) бўйича айбловга асос бўлган. У судда Каримов ўғлининг Дубайда эканлигидан босим воситаси сифатида фойдаланганини айтди. Асосий далиллардан бири сифатида аудиоёзувлар келтирилган, унда айбланувчи "ўғлингизнинг тобутини Дубайдан олиб келаман" деб таҳдид қилгани ва ҳатто уйини ёқиб юборишини айтгани қайд этилган.
Она учун бу сўзлар шунчаки гап эмас, балки реал зўравонлик таҳдиди сифатида қабул қилинган. Иш материалларига кўра, таҳдидлар уйни бир ҳафта ичида сотиш ҳақидаги қатъий талаб билан бирга бўлган. Шу билан бирга, Каримов ўз медиа ресурслари орқали оилани оммавий равишда шарманда қилиш билан ҳам таҳдид қилгани айтилмоқда.
Суд жараёнида ҳимоя томони ушбу таҳдидларнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдириб, "тобут" ҳақидаги гаплар ҳис-туйғу таъсирида айтилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Адвокатлар айбланувчи жабрланувчига яқин жойда бўлмаган ҳолда унинг ҳаётига реал хавф туғдирган-туғдирмаганини сўроқ қилди.
Феруза Раҳматуллаева бу савол жавобан:
"Агар мен яшириниб, қочиб юрган бўлсам, у мени қаердан топиб ўлдиради? Агар мен унга қарши ариза ёзмаганимда ва ёзувларни тақдим этмаганимда, нималар бўлишини қаердан билар эдингиз? Балки мен аллақачон тирик бўлмасдим", - деди.
Жабрланувчи жисмоний алоқанинг бўлмаганини у ўз уйидан қочиб, Қибрайда яшириниб юришга мажбур бўлгани билан изоҳлади. Шунингдек, у тергов ишга фақат материалларнинг бир қисмини қўшганини, ўзи эса янада аниқ таҳдидлар акс этган қўшимча ёзувларни судга тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Тергов жараёнидаги қонунбузилишлар ҳақида баёнотлар
Суд мажлисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига оид шов-шувли ҳолатлар ҳам кўтарилди. Жабрланувчи дастлабки тергов жараёнида товламачиликка дуч келганини маълум қилди: унинг айтишича, тергов ходимларидан бири таҳдидлар ёзувларини йўқ қилиш эвазига ундан 1000 доллар талаб қилган ва бу ёзувлар ишда қолса, унинг ўзига зарар келтириши мумкинлигини айтган.
Шунингдек, у айбланувчининг ҳимоя томони унинг ўғли Шаҳзод Рисматовни колонияда туриб кўрсатмаларини ўзгартиришга ундашга уринганини билдирди. Раҳматуллаеванинг сўзларига кўра, ўғлига ота-онасига қарши кўрсатма берса, тез орада озодликка чиқариш ваъда қилинган, акс ҳолда эса унга нисбатан янги жиноят ишлари қўзғатиш билан таҳдид қилинган.
Қайд этиш жоизки, ҳимоя томони дастлаб суд жараёнини ёпиқ тарзда ўтказишни талаб қилган ва матбуот ҳамда жамоатчилик киришини чеклашга уринган. Бироқ судья Бахром Бердиев бу илтимосномани рад этиб, суд мажлисларини очиқ тарзда ўтказишга қарор қилди ва жамиятнинг иш ҳақида холис ахборот олиш ҳуқуқини таъкидлади.
Кейинги суд мажлиси 13 апрель куни соат 16:00 га белгиланган. Шунингдек, эшитувлар 17 апрель куни соат 10:00 да ҳам ўтказилиши эҳтимол қилинмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас