Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 26 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Афғонистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилди. Мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Делегацияларга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов ҳамда Афғонистон Савдо-инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳашими бошчилик қилган. Янги ташкил этилган кенгаш таркибига жами 32 нафар вакил кирган. Улар орасида икки давлат Савдо-саноат палаталари раҳбарияти, соҳавий уюшмалар ҳамда қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, нефть маҳсулотлари, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати каби йўналишларда фаолият юритувчи йирик компаниялар раҳбарлари бор.
Ишбилармонлар кенгаши тадбиркорлар учун доимий мулоқот майдончаси бўлиб хизмат қилиши ва инвестициявий фаолликни оширишга кўмаклашиши кутилмоқда. Йиғилиш давомида томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилганлар.
Шунингдек, божхона тизимларини рақамлаштириш, молиявий ва суғурта хизматларини ривожлантириш ҳамда савдо жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мулоқотлар якунида икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида мунтазам равишда кўргазмалар ва бизнес-форумлар ташкил этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган.
2025 йилнинг февраль ойида ҳам Ўзбекистон ва Қувайт раҳбарлари қўшма Ишбилармонлар кенгаши ва Инвестиция платформасини ташкил этиш, шунингдек, Ал-Қувайтда Ўзбекистон савдо уйини очишга келишиб олганди.

Изоҳлар мавжуд емас