Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 2-сонли мактабда маъмурият вакили ўқувчига нисбатан жисмоний куч ишлатгани акс этган видеотасвирлар тарқалди. Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва таълим бошқармаси томонидан суриштирув ишлари бошланди.
Воқеа бугун, 2 апрель куни содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган видеода мактаб директорининг ўринбосари юқори синф ўқувчисини аёвсиз калтаклаётганини кўриш мумкин.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан кескин баёнот бериб, болаларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги жисмоний тазйиқни қатъий қоралаган.
Вазиятни жойида батафсил ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб борган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан педагогнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таълим бошқармасининг таъкидлашича, текширув якунлари бўйича айбдор шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган энг қатъий чоралар кўрилади. Жараён якуни юзасидан жамоатчиликка қўшимча маълумот берилиши маълум қилинган. Вазият вилоят таълим тизими раҳбариятининг шахсий назоратига олинган.
Бундан олдин Марғилон шаҳридаги 25-сонли мактабда эркак киши 5-синф ўқувчисини ва унинг онасини аёвсиз калтаклагани акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалдгвни. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа икки ўқувчи ўртасидаги жанжални ҳал қилиш мақсадида мактабга келган ота томонидан содир этилган.

Изоҳлар мавжуд емас