Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий банк август ойида бир қатор молиявий ташкилотларга нисбатан санкциялар қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Банк назорати қўмитасининг август ойидаги йиғилишларида 51 та масала кўриб чиқилган ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.
Инспекция текширувлари натижаларига кўра, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларини бузганлик учун 9 та банк, 6 та микромолия ташкилоти ва 4 та ломбардга нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.
Бундан ташқари, нормативларга риоя қилмаслик, муаммоли кредитларни қисқартириш бўйича жадвалларни бажармаслик ва бошқа аниқланган камчиликлар учун 14 та банк ва 2 та тўлов ташкилотига нисбатан эҳтимолий санкциялар ҳақида огоҳлантириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк устав капитали пастлиги сабабли "Евросиё банки"дан лицензияни қайтариб олган эди. Кейинчалик молия ташкилоти буни "илгари қабул қилинган стратегик қарорнинг мантиқий якуни" деб атади.
Изоҳлар мавжуд емас