Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 28 март куни имзоланган янги қонун (ЎРҚ-1126-сон) билан мамлакатимиз банк тизимига исломий молия стандартлари расман жорий этилмоқда. Ушбу ҳужжат исломий банк хизматларини тартибга солиш, молиявий қамровни кенгайтириш ва соҳага янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш учун ҳуқуқий замин яратади.
Янги тартибга кўра, исломий банк фаолияти билан шуғулланиш учун Марказий банкнинг алоҳида лицензияси талаб этилади. Бундай лицензия муддатсиз берилади ва уни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади. Фақатгина тегишли рухсатномага эга бўлган банклар ўз номида "исломий" атамасини ишлатиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, Марказий банк қошида исломий молия стандартларини ишлаб чиқувчи ва соҳадаги техник масалалар бўйича хулоса берувчи махсус Исломий молия кенгаши ташкил этилиши белгиланди.
Қонун билан исломий банклар амалга ошириши мумкин бўлган молиявий операциялар рўйхати аниқлаб берилди. Жумладан, эндиликда фойдани тақсимлаш асосида молиялаштириш, товарларни насияга сотиш, вакиллик шартномалари орқали инвестиция жалб қилиш ва мол-мулкни исломий ижарага (лизингга) бериш каби амалиётлар қонуний кучга эга бўлган. Муҳим жиҳати шундаки, исломий банклар учун одатий банкларга қўйиладиган айрим чекловлар, хусусан, бевосита савдо фаолияти билан шуғулланиш ва бизнес лойиҳаларда шерик сифатида иштирок этиш бўйича истиснолар кўзда тутилган.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган 29 мартдан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Ушбу давр мобайнида масъул идоралар исломий банк хизматларини амалиётга татбиқ этиш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий базани тўлиқ шакллантириши лозим бўлади.
Олдинроқ Ўзбекистон солиқ тизимига исломий молия фаолиятига хос бўлган солиқ имтиёзлари ва мажбуриятлари киритилганди. Эндиликда Марказий банк қошида махсус Исломий молия кенгаши ташкил этилади ва соҳадаги асосий операциялар ҚҚСдан озод қилинади.

Изоҳлар мавжуд емас