Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги ташаббуси билан йўлларда ноқонуний автопойгаларни ташкил этганлик ҳамда унда иштирок этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ташаббус жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида илгари сурилмоқда.
Сўнгги вақтларда йўлларда ўтказилаётган ноқонуний пойгалар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатлар нафақат жамоат тартибини бузади, балки йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётига хавф солади, аҳолининг осуда яшаш ҳуқуқини поймол қилади ва инсонларнинг оғир тан жароҳати олиши ёки ўлим билан тугаган нохуш воқеалар сонининг ортишига олиб келмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 17-февраль куни тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган. Белгиланган тартибда вазирликлар билан келишув жараёнлари якунлангач, лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларнинг бир қисми ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 25-февраль куни соат 21:46 да Тошкент шаҳрида юз берган мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси натижасида вояга етмаган ўқувчи бошқарувидаги BMW M4 русумли автомашина ЙПХ ходимини уриб юборгани ҳақида хабар берган эдик. Инспектор оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолат жамоатчиликда катта резонанс келтириб чиқарди. Ҳолат юзасидан ИИВ муносабат билдирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас