Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари Фориш туманида қидирувда бўлган қарздор отани кўп қаватли уйлардан бирининг балконидан топди.
Маълум бўлишича, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида яшовчи ушбу фуқаро ўз фарзанди таъминоти учун белгиланган алимент тўловларидан узоқ вақт давомида қасддан бўйин товлаб келган. Яшириниш учун эса, унингча, жуда "ишончли" жой танланган — шаръий никоҳига олган аёлнинг уйи.
Қарздорнинг жами алимент қарзи 43 миллион сўмдан ошиб кетгани сабабли унга нисбатан расман қидирув эълон қилинган. Натижада у Фориш туманида истиқомат қилувчи шаръий никоҳдаги аёлининг уйида аниқланган.
МИБ ходимлари келган пайтда эса "максимал махфийлик" режими ишга тушган — қарздор балкон орқали яширинишга уринган. Аммо бу уриниш ҳам самара бермади.
Қўлга олинган фуқаро тегишли чоралар кўриш учун давлат ижрочисига топширилди. Қонунчиликка мувофиқ, алимент тўлашдан бўйин товлаш маъмурий, айрим ҳолларда эса жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона шаҳрида яшовчи эркак 11 йил давомида вояга етмаган болани боқиш учун алимент тўлашдан бош тортиб юрган. Ашаддий қарздор маҳаллий тунги клубда топилганлиги хақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас