Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг янги фармонига кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларида давлат бошқаруви ва назорат тизими тубдан ислоҳ этилди. Фармон асосида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди ва ушбу қўмита ҳузурида Давлат экологик назорат инспекцияси – Экополиция фаолияти йўлга қўйилди.
Фармонга мувофиқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таркибидаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди, вазирликнинг асосий вазифалари эса янги қўмитага ўтказилди. Энди Экология қўмитаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, яшил ҳудудлар ва ўрмонларни кўпайтириш, ҳамда умуммиллий "Яшил макон", "Тоза ҳаво", "Эко-маданият" ва "Био мерос" лойиҳаларини амалга оширишда ваколатли орган сифатида иш юритади.
Экополиция эса қўмита ҳузуридаги махсус ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бўлинма сифатида ташкил этилди. У экологик қонунбузарликларни назорат қилади, жисмоний куч ва махсус воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Экополиция ходимларининг махсус кийимларига боди-камералар ўрнатилиши ҳам назарда тутилган. Қўмита раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи бўлиб, унинг ўринбосари тезкор штабга раҳбарлик қилади.
Фармонга кўра, 2026 йилдан бошлаб юридик шахсларга нисбатан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар жорий қилинади. Шу билан бирга, қўмита ҳузурида хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда "Эколойиҳалар фабрикаси" ташкил этилади.
Экология қўмитаси Давлат экологик назорати, яшил ҳудудлар, чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт соҳасида давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириб, қонунчиликни бузганлик ҳолатларини доимий равишда кузатиб бориш, соҳадаги масъул органларнинг фаолиятини назорат қилиш ва Президентга ахборот бериш билан шуғулланади.

Изоҳлар мавжуд емас