Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида фуқаро ўз фарзанди вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган 1 миллиард 24 миллион сўм миқдоридаги алимент пулини тўлиқ тўлади. Бу кўрсаткич 2026 йил ҳисобидан алимент тўловлари бўйича ўзига хос рекорд натижа сифатида қайд этилган.
Мажбурий ижро бюроси (МИБ) туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида ушбу йирик миқдордаги маблағ жорий йилнинг 29 март куни ундирувчига топширилган. Суд қарорига кўра, қарздор бир нафар фарзанди учун барча даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши белгиланган эди.
Аниқланишича, қарздор ва ундирувчи қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келишган. Ўзаро келишмовчиликлар сабабли ажрашгач, аёл алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилган. Ижро ҳужжати МИБ иш юритувига 11 март куни келиб тушган ва тарафларга тегишли хабарномалар юборилган.
Давлат ижрочиси томонидан ўтказилган профилактик суҳбат ва ҳуқуқий тушунтиришлардан сўнг, қарздорнинг ота-онаси вазиятга аралашган. Улар фарзандларининг мажбуриятларини тўлиқ англаган ҳолда, набираси 18 ёшга тўлгунига қадар бўлган барча тўловларни бирданига амалга ошириш истагини билдиришган.
Натижада 1 миллиард 24 миллион сўмлик маблағ ундирувчига тўлиқ топширилди ва мазкур ижро ҳужжати амалда тамомланган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд шахсларга нисбатан янги чекловлар кучга киради. Президент фармонига мувофиқ, мажбуриятларини бажармаётган шахслар айрим молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум этилади.

Изоҳлар мавжуд емас