Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд шахсларга нисбатан янги чекловлар кучга киради. Президент фармонига мувофиқ, мажбуриятларини бажармаётган шахслар айрим молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум этилади.
Янги тартиб алимент ундириш самарадорлигини ошириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлашни кўзда тутади. Унга кўра, қарздорлар зиммасидаги мажбуриятни тўлиқ бартараф этмагунча йирик молиявий битимларни амалга ошира олмайдилар. Шунингдек, улар учун муайян банк хизматлари ва давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳам чекланади. Бош прокуратура яқин икки ой ичида чеклов қўлланиладиган хизматлар ва битимларнинг аниқ рўйхатини ишлаб чиқиб, ҳукуматга тақдим этиши белгиланган.
Алимент ва муаммоли кредитлар ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) тизими ҳам кучайтирилмоқда. Хусусан, тизимда қўшимча 400 та ихтисослаштирилган давлат ижрочиси штат бирлиги ташкил этилиб, уларнинг таъминоти тижорат банклари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Эндиликда муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳаракатлари айнан мана шу ихтисослаштирилган ходимларга юклатилади.
Бундай кескин чоралар кўрилишига мамлакатдаги мавжуд вазият сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда алимент билан боғлиқ 70 мингта мурожаат келиб тушган бўлса-да, қарздорларнинг расмий даромади йўқлиги сабабли уларнинг қарийб 30 фоизи ижросиз қолган. Таъкидланишича, Ўзбекистонда алимент қарздорларининг аксарияти даромад ва мол-мулкка эга эмас. Янги жорий этилаётган чекловлар тизими айнан мана шундай ҳолатларда қарздорларни ўз мажбуриятларини бажаришга ундаши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас