Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ёшлари Қатарда иш билан таъминланади. Икки давлат рекрутинг компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мутахассисларни танлашнинг янги механизмларини ишга туширишга келишиб олдилар. Ўзбекистон олий таълим муассасалари битирувчилари меҳмонхона, хизмат кўрсатиш ва тиббиёт соҳаларида нуфузли иш ўринларига эга бўлишлари мумкин.
Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси томонидан Youth Globe хусусий бандлик агентлиги ва Қатарнинг Candidzone" рекрутинг компанияси ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди. Музокараларда дипломатлар, Youth Globe раҳбари Шерзод Эшмуратов, Candidzone бош директори Манхар Муҳаммад ва ташқи ёллаш бўйича менежер Муҳаммад Синар иштирок этди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишиб олдилар. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанддаги "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг шаффоф тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Ёш мутахассислар Қатарнинг меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш саноатида юқори маошли лавозимларга даъвогарлик қилишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги "Миллат умиди" университетининг хорижий тиллар курсларида таҳсил олаётган тиббиёт мутахассисларини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Улар "Hamad" марказий шифохонаси ва Қатарнинг бошқа етакчи клиникаларида ишлашлари мумкин бўлади.
Аввалроқ ўзбекистонликларни Германияда гўштни қайта ишлаш соҳасида иш билан таъминлаш мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас