Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хонанда Сардор Мамадалиев ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган видеомурожаатида марҳум устоз санъаткор Шерали Жўраевнинг асарларини ижро этгани сабабли Адлия вазирлиги томонидан судга берилганини маълум қилди. Хонанданинг таъкидлашича, ушбу даъво нафақат унга, балки яна 20 нафар ижодкорга нисбатан ҳам илгари сурилган.
Мамадалиевнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат санъаткорларни Шерали Жўраевнинг ижодини тарғиб қилишдан чеклашга уриниш сифатида баҳоланмоқда. Хонанда, шунингдек, бошқа бир ижодкор Иззат Холиқовга нисбатан 130 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилганини қайд этган.
Сардор Мамадалиев ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, ушбу қўшиқларни ўтказилган интервью давомида илтимосга кўра ижро этганини билдирган. Хонанда агар даъвогарлар аризасини қайтариб олмаса, Шерали Жўраевнинг барча қўшиқларини ўз талқинида ижро этиш ва уларни янги клиплар билан Youtube каналига жойлаштиришда давом этишини маълум қилган.
Бундан олдин ҳам Адлия вазирлиги Шерали Жўраев ижодидан ноқонуний фойдаланган "Овоз" лойиҳаси ижодкорларига расмий огоҳлантириш берганди. Гап машҳур "Қора кўзли санамжон" қўшиғи ҳақида кетмоқда. Адлия вазирлиги аниқлашича, лойиҳа муаллифлари "YouTube"даги "The voice of Uzbekistan" каналига ёзувни ҳуқуқ эгаларининг розилигисиз жойлаштирган.
Бундан ташқари Ботир Қодиров ҳам отасининг қўшиқларига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш учун судлашганди.

Изоҳлар мавжуд емас