Загрузка
Загрузка
Қоғоз ҳаммасига чидайдими? Қандай қилиб завод беш йил давомида Чиноз аҳолисининг ҳаётини заҳарлаб келмоқда ва нима учун ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаяпти?
Жамият

Қоғоз ҳаммасига чидайдими? Қандай қилиб завод беш йил давомида Чиноз аҳолисининг ҳаётини заҳарлаб келмоқда ва нима учун ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаяпти?

31
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мана, бешинчи йилдирки, Perfect Paper Group корхонаси Тошкент вилоятининг Янги Чиноз шаҳарчаси аҳолисига жуда мароқли ҳаёт тақдим этмоқда. Улар ҳар куни, худди жадвалдагидек, "навбатчиликка" чиқишади - ўз оқовалари билан атрофдаги барча сувларни ва шаҳарча аҳолиси ҳаётини заҳарлаётган қоғоз заводининг фаолиятини фош этишади.

Чинозликликлар чинакам эколог-детективлар каби телефонларини ўнлаб видео далиллар билан тўлдириб ташлайди, лабораторияга намуналар олиб боради, кўплаб шикоятлар ёзади. Аммо бу воқеанинг якуни доим бир хил - ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳатто суд қарорлари ҳам амалда қоғозда қолиб кетмоқда.

Экологларнинг таъкидлашича, корхонада фильтр бор - ҳеч қандай ифлосланиш бўлмаслиги керак. Бироқ, шаҳарча аҳолиси таҳририятимиз ботига юборган видеоларга кўра, у ерда кўпроқ текширувчилар учун декорация бор.

Кўп йиллик самарасиз кураш

Perfect Paper Group 2013 йилдан бери қўшма корхона сифатида фаолият юритиб келмоқда (20 фоизга яқин улуш Корея компаниясига тегишли). У ерда қайта ишланган қоғозлардан картон ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Сўнгги беш йил давомида саноат объектига қўшни бўлишга мажбур бўлган Янги Чиноз шаҳарчаси аҳолиси заводдан чиқиндиларни мунтазам равишда ёнидан оқиб ўтувчи ариққа ташлашдан шикоят қилмоқда.

Эҳтимол, ташламалар илгари ҳам бўлган. Чинозликларнинг сўзларига кўра, муаммо ариқнинг саёзлашиши ва корхонанинг ишлаб чиқариш айланмаси ўсиши ортидан яққол намоён бўлди: сув камайди, сув оқими кўпайди.

"Ариқдаги сув ташламалардан кейин оқариб, кўнгилни айнитадиган кимёвий ҳид таратади. Ҳайвон бу сувни ичмайди. Полиз ва далаларни суғоришнинг иложи йўқ - ҳамма тирик жон ҳалок бўлади. Илгари болалар ариқда чўмилишарди, энди эса бу ўйин-кулги ўтмишда қолди," - деди Анатолий Мальцев.

Ариқ бир нечта аҳоли пунктларидан оқиб ўтади. Аҳолининг таъкидлашича, ариқнинг заводгача бўлган қисмида сув билан ҳамма нарса нормал ҳолатда, ундан кейин сув ҳавзаси ифлосланган ва  ўлик ботқоқни эслатади.

Бироқ муаммонинг кўлами  шаҳарча ариғидан анча кенгга тарқалиб улгурган: унинг бир тармоғи маҳаллий кўлга, иккинчиси Сирдарёга бориб тақалади. Ўтган йили кўлда деярли барча балиқлар нобуд бўлган. Одамларнинг таъкидлашича, у ғалати - яра-чақалардан иборат эди. Сув ҳавзасини тозалаш пайтида балиқ тутганлар ҳам куйиш ва теридаги пуфакчалардан шикоят қилишган.

"Биз шунақанги шок ҳолатида эдик - экспертиза ўтказишни ўйламадик. Лекин барча масъул тузилмалар келиб, вазиятни кўрди, видеога олиб кетди. Завод эса бунга алоқаси йўқ, деб рад этди. Шунда ариқнинг ўзида ҳатто қурбақалар ҳам қирилиб кетди. Ҳеч қандай жонивор қолмади. Кўриниб турибдики, улар ҳаммамизнинг ўлишимизни кутишмоқда," - деди суҳбатдош.

Бу сўзлар мамлакатдаги вазиятни жуда яхши тасвирлайди: оддий одамларнинг муаммолари фожиали ҳодисалардан кейингина "ўлик нуқта"дан силжиган ҳолатлар жуда кўп бўлган.

Бундан ташқари, таҳририят ихтиёридаги видеога кўра, айрим масъуллар учун фожиа ҳақиқатан ҳам ҳаракатга чорловчи ягона ишорадир.

Ҳалокатли заҳар

Маҳаллий экология бошқармаси бошлиғи Одилхон Исахонов норози аҳоли шов-шув кўтариб, ваколатли тузилмаларни чақирганидан сўнг, ҳеч ким ўлмаган-ку, шов-шув кўтаришнинг нима кераги бор, дея баёнот берган.

Аммо фожиа ҳақиқатан ҳам содир бўлиши мумкин ва эколог амалдордан фарқли ўлароқ, аҳоли уни кутиб ўтирмади. Ариқдан ўн-йигирма метр нарида артезиан қудуқлар жойлашган бўлиб, аҳоли учун ичимлик суви шу қудуқлардан тортиб олинади. Ўтган йили фаоллар намуналар олиб, лабораторияга олиб боришганда натижалар уларни ҳайратда қолдирган эди.

"Илгари бундай сув мазали эди, ҳозир эса уни ҳеч ким ичмайди. Гап ҳатто унинг аччиқ бўлиб қолганида ҳам эмас - лабораторияда бизга уни истеъмол қилишни том маънода тақиқлашди: манба ариқдаги ифлослантирувчи моддаларни ўз ичига олган," - деди Анатолий Мальцев.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли огоҳлантирилган: шаҳарча экологик фалокат ёқасида турибди. Аммо бизнес учун бу вазиятда - роҳат. Бу эса филтрланган сувга ва фильтрларнинг ўзига бўлган катта талабни келтириб чиқарди.

Вазиятдан хавотирга тушган фуқаролар қатъий талаб қўймоқда: ё завод оқава сувларни тўлиқ тозалашни бошлайди, ёки уларни хавфсиз жойга кўчиришни таъминлаши керак - бошқа йўл йўқ.

"Ўзбекистонда сув билан боғлиқ вазият жуда кескин, баъзи тадбиркорларнинг эса бунга муносабати шундай. Бу бебошликдан ҳамма чарчади, лекин курашни тўхтата олмаймиз: даҳшат бошланади", - деди суҳбатдошимиз.

Яна шуниси қизиқки, завод ўйламай-нетмай, аёвсиз ҳамма ёқни ифлос қилаётган бир пайтда  аҳоли  ўзини ҳимоя қилиш йўлларини мустақил излашга мажбур бўлмоқда.

"Ўтган йили балиқларнинг оммавий қирғинидан сўнг ариқнинг кўлга қуйиладиган жойига тўсиқ қўя бошладик. Вазият такрорланишини истамаймиз. Ўша воқеадан сўнг биз у ерга чавоқларни қўйиб юбориб, популяцияни тикладик", - деди Анатолий.

Ҳокимиятнинг  лаёқатсизлиги

Завод турли хил тузилмаларнинг кўплаб текширувларидан эсон-омон чиқиб кетган. Ишга экологлар, сувоқава, ҳокимлик, прокуратура ва бошқа идоралар жалб қилинган. Лекин уларнинг биронтаси ҳам корхонани ўз ифлосликларини шаҳарча ариғига ташлашдан тўхтатишга эришолмаган.

Промо-объект мутасаддилари "бошқа бундай қилмаймиз" қабилидаги кафолат хатларини бир неча бор тақдим этган. Аммо, чамаси, улар учун бу шунчаки расмиятчилик - текширувчилар ва азоб чекаётган шаҳарча аҳолиси учун жавоб хати: қоғоз ҳаммасига чидайди.

Иш икки марта: 2022 йилда СЭСнинг, 2024 йилда эса вилоят экология бошқармасининг даъвоси бўйича судгача етиб борган. Биринчи ҳолатда заводга шунчаки оқава сувларни ариққа оқизишни тақиқлашган. Иккинчисида - филтрлар ва барча зарур ускуналар ўрнатилмагунча корхона фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Навбатдаги шикоятлардан кейинги сўнгги текширувлардан бири август ойи бошида бўлиб ўтган. Ўшанда Тошкент вилояти экологлари ҳисобот беришган: фабрикада фильтр ўрнатилган. У соатига 25 куб метргача оқова сувни қайта ишлайди ва сувнинг ифлосланиш даражасининг ошишига йўл қўймайди. Шунга қарамай, текширувчилар завод энди доимий назорат остида бўлишига ваъда беришган.

Бироқ, аҳолининг таъкидлашича, муаммо ҳал этилмаган - корхона лойқа ва бадбўй сувни ариққа қуйишда давом этмоқда. Улар деярли ҳар куни суратга олаётган видеолар бунинг далилидир.

"Фильтр ё ишламайди ёки фақат текширув пайтида ёқилади, қолган вақтда эса оқова сувлар тўсиқсиз сув ҳавзасига тушади. Яқинда яна текширув келди, заводдагилар буни рад этишмади ҳам: форс-мажор ҳодисаси билан изоҳлашди - гўёки қувур ёрилиб, ариққа оқизишга тўғри келибди. Шу билан бирга, биз деярли ҳар кунги ташламаларни қайд этамиз", - деди Мальцев.

Унинг сўзларига кўра, декабрь ойида чинозликларнинг бу муаммо билан курашганига роппа-роса беш йил бўлади. Шу вақт ичида улар турли идораларга - маҳаллий идораларидан тортиб республика идораларигача 30 га яқин мурожаат  қилишган.

"Ўтган йили вазирликдан экологлар келишди - улар тўғридан-тўғри ифлос оқоваларни ташлаш пайтида тўқнаш келишди. Ҳамма ўз кўзи билан кўрди, қайд этди, лаборатория таҳлиллар олди. Шаҳарча аҳолиси вилоят ҳокими Зоир Мирзаев қабулида бўлиб, у бундан хабардорлигини ва муаммони ҳал қилишга ваъда берганини айтди. Ёрдам бермади. Суднинг иккита қарори ҳам шунчаки қоғоз бўлиб чиқди", - деди суҳбатдошимиз.

Унинг сўзларига кўра, бундай текширувлардан сўнг корхона одатда маълум муддат ишламай қолади, ариқдаги сув тозаланади, аммо кейин ҳаммаси қайтадан бошланади.

Шаҳарча аҳолисининг эҳтиёткорлигини билган фабрика раҳбарияти турли ҳийла-найрангларни қўлларкан: чиқиндилар турли вақт ва жойларда ташланади. Корхона ҳудудидаги деворлар остида қамишлар ортига яширинган ва ариққа олиб борадиган бир нечта хандақларни кўриш мумкин.

Тизимли муаммо

Ҳозирча бу муаммонинг моҳияти нима эканлиги тушунарсиз: давлат идораларининг лаёқатсизлигими ёки оддий коррупциядами? Нима учун солиқлар ҳисобига кун кўраётган мансабдорлар аҳолини энг оддий нарса - экологик офатлар ва тадбиркорларнинг сурбетлигидан холи ҳаёт билан таъминлай олмаётгани тушунарсиз? Нима учун фуқаролар ҳар куни безориларни "овлаш"га чиқишга ва бунинг учун маош оладиганларнинг ишини бажаришга мажбур?

Ахир бу ягона ҳолат эмас-ку. Чиноздаги вазиятни Чирчиқ воқеаси такрорлайди. Уч йил олдин жамоатчилик дарёга доимий равишда "жуда кўп миқдорда жигарранг нарса" оқиб кетаётгани ҳақидаги хабарлар билан экология мутасаддиларини хавотирга солган эди. Ўшанда ҳам текширувлар ташкил этилиб, комплекс чора-тадбирлар ва доимий назорат ваъда қилинган эди. Аммо сунъий йўлдош тасвирларига кўра, муаммо аввал ҳам бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд.

Шу йилнинг июль ойи охирида пойтахтлик фотосуратчи Евгений Чубко  чақириғидан сўнг, бу ерга яна лаборантлар ташриф буюришди. Бироқ, бу воқеа давом этмади - экспертиза натижалари ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас.

Perfect Paper Group билан боғлиқ ҳолатда ҳам ҳокимият мунтазам текширувлар орқали тартиб ўрнатишга, завод раҳбарияти эса ишни виждонан олиб боришга бир неча бор ваъда берган. Аммо маҳаллий аҳоли биринчисининг қатъиятига, иккинчисининг самимийлигига шубҳа билан қарайди.

Қизиғи шундаки, куни кеча Ўзбекистонда Тадбиркорлар куни кенг нишонланди. Олий минбарлардан бизнес учун эркинлик, янги имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маърузалар янгради. Аммо фойда учун табиатни ҳам, одамларни ҳам аямайдиган бундай масъулиятсиз тадбиркорлик керакми?

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Юклаш...