Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, марҳум Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган "Кечир, сени асрай олмадим" номли қўшиқ ва сунъий интеллект (AI) технологияларидан фойдаланилган видеоклипни оммага ҳавола этди. Қўшик шеърини Шириннинг отаси ёзган.
Озодбек Назарбековнинг таъкидлашича, қўшиқ матни Шириннинг отаси томонидан кучли изтироб ва азоб остида ёзилган. Хонанда ушбу шеърни ўқиб кўргач, унинг юракдаги оғриғи ва отанинг дардли изҳорини қўшиқ орқали етказишга қарор қилган. Ижрочи учун бу асарни куйлаш руҳий жиҳатдан жуда оғир бўлганини эътироф этган.

Озодбек Назарбеков Ширинни 6–7 ёшлигидан бери танишини ва уни ўз фарзандидек кўришини таъкидлаган. Қисқа ҳаёти давомида Ширин ўзбек қизлари учун ҳақиқий ибрат мактабини яратишга улгурган.
У Хитой, Россия ва Европадаги нуфузли танловларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган. Хусусан, ўн беш ёшида Ширин Абдуллаева Россиянинг "Сен супер" қўшиқлар танлови ярим финалига чиққан эди.
10 ёшида Хитойдаги махсус Ушу мактабида таҳсил олган ягона ўзбек қизи бўлиб, ўз иродаси билан кўпчиликка намуна бўлган. Хитойнинг нуфузли университети унинг ватанпарварлигини юксак баҳолаб, номини абадийлаштириш мақсадида хайрия фондини ташкил этган.
Видеоклипнинг ўзига хос жиҳати шундаки, воқеалар ривожини янада жонли ва ишончли тасвирлаш учун сунъий интеллект (AI) технологияларидан фойдаланилган. Бу орқали Шириннинг ҳаёт йўли ва унинг ички дунёси рамзий маъноларда акс эттирилган.
Мазкур ижодий иш фарзанд доғини бошидан кечирган минглаб оталарнинг дардига даармон бўлиш мақсадида яратилган. "Бу қўшиқ нафақат Шириннинг хотираси, балки илм ва спортда лидер бўлишга интилган матонатли ўзбек қизининг тарихидир. Шу билан бирга, бу асар жигарбандини йўқотган ота-оналар учун бир малҳам бўлишини истадик", — дейди Озодбек Назарбеков.
Қўшиқнинг ҳар бир сатрида отанинг фарзанди олдидаги изтироби акс этган. "Кечир, сени асрай олмадим", "Кийимларингни ҳидлаб йиғладим" каби мисралар орқали инсон фарзандидан айрилганда ҳис этадиган энг оғир туйғулар ифодаланган. Озодбек Назарбековнинг юксак маҳорати эса ушбу дардни тингловчи қалбига янада тезроқ етиб боришини таъминлаган.

Изоҳлар мавжуд емас