Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Олий суд судьяси Эльза Шамсутдинова "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида афв акти содир этилган жиноят фактини бекор қилмаслигини, аммо ўз айбини англаб, ҳаётини ўзгартириш истагини исботлаганларга имконият беришини айтди.
Жами 523 нафар шахс афв этилган. Улардан 195 нафари жазодан тўлиқ озод этилди, 147 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 87 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди, 94 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 45 нафарини аёллар, 31 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 220 нафарини 30 ёшгача бўлган шахслар (шундан 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 8 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этади. Охиргилар орасида олти нафар Тожикистон фуқароси ва бир нафар Серра-Леонелик бор. Шунингдек, муқаддам тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 15 нафар шахс афв этилди.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида прокуратура ва тегишли идоралар томонидан озод этилганларни яшаш жойига олиб келиш ва чет эл фуқароларини келиб чиқиш мамлакатларига депортация қилиш ташкил этилди.
Афв этилганларнинг барчаси профилактик ва пробация ҳисобига олинади. Уларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади, зарур ҳолларда тиббий кўрикдан ўтказилади ва даволанади. Шунингдек, ишга жойлашиш, кредит ва субсидиялар олиш, фуқаролик ҳужжатлари ва пенсияларни расмийлаштиришда кўмаклашиш кўзда тутилган.
Изоҳлар мавжуд емас