Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад номи билан танилган диний блогер Алишер Турсуновга нисбатан очиқ суд жараёни бошланди. У миллий адоват қўзғатиш, диний ва экстремистик материалларни тарқатиш билан боғлиқ бир қанча моддалар бўйича айбланмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди. Турсуновга қуйидагилар қўйилади:
• миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш (ЖК 156-моддаси 2-қисми);
• жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш (ЖК 244-1-моддаси 3-қисми "г" банди);
• диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш (ЖК 244-3-моддаси).
Ҳозирда Мубашшир Аҳмадга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Суд жараёни тугагач, қўшимча маълумот берилади.
Матбуот хизмати айбсизлик презумпцияси ҳақида эслатиб ўтди, унга кўра, судланувчи суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмагунча айбсиз ҳисобланади. Шу муносабат билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига фуқаронинг айбдорлиги ёки айбсизлиги тўғрисида тахмин ва шубҳалардан тийилиш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамизки, сўнгги бир неча йил ичида Azon Global диний сайти асосчиси - Алишер Турсунов Туркияда яшаган. 2023 йил декабрь ойида у Истанбул полицияси ходимлари томонидан жамоат хавфсизлигига таҳдид қилишда гумонланиб ҳибсга олинган. Блогер қарийб икки ойни депортация марказида бўлган. 2024 йил февраль ойида у далиллар йўқлиги сабабли озодликка чиқарилган.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Турсуновни диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш бўйича қидирув эълон қилган ва жиноий иш қўзғатган эди.
Жорий йилнинг май ойида Туркия блогерни Ўзбекистонга депортация қилди. У жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётган муддатга қамоққа олинган.
Изоҳлар мавжуд емас