Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Инстаграм ижтимоий тармоғида хонанда Якзон ва актриса Нилуфар Ҳамидова ижросидаги дуэт қўшиқ атрофида келиб чиққан можаро маданият соҳаси мутасаддиларига нисбатан кенг кўламли танқидларни келтириб чиқарди. Қўшиқ матнидаги одобсиз ишоралар ва миллий қадриятларга зид мазмун халқ орасида кескин норозилик уйғотмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган дуэтда қўлланилган "Сизники тории?" ва унга жавобан айтилган "Йўқ, меники дутор, Симчалари бор"каби иборалар жинсий аъзоларга ишора сифатида қабул қилинган. Бу эса фойдаланувчилар томонидан санъатнинг тубанлашиши ва маданиятсизлик деб баҳоланган.

Шу сабабли, омма Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазир сифатида соҳадаги бундай "бузуқлик тарғиботига" йўл қўйиб бераётганликда айбланмоқда. Мурожаатчилар вазирликни ижодкорларга берилган эркинликни жиловлай олмаётганликда ва миллий маънавиятни ҳимоя қилмаётганликда танқид қилмоқда.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ушбу ижрочиларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаётгани ва уларнинг лицензия масаласини кўриб чиқмаётгани ижтимоий тармоқ фаолларининг ғазабини оширмоқда.
Жамоатчилик вакиллари давлат идораларидан мазкур ҳолатни назоратга олишни, "бузуқлик тарғиботини" қонун билан тақиқлашни ва саҳна маданиятига риоя қилмаган ижрочиларга нисбатан кескин жазо чораларини қўллашни талаб қилмоқда.
Айни пайтда фаоллар ушбу ҳолатни "миллий қадриятларнинг оёқости қилиниши" деб атаб, халқни бу каби маҳсулотларни бойкот қилишга ва жамият маънавиятини асраб қолиш учун бирлашишга чақирмоқда. Маданият вазирлиги ҳозирча ушбу можароли вазиятга расмий муносабат билдирганича йўқ.

Изоҳлар мавжуд емас