Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ўзбекистонни қизамиқ касаллиги тўлиқ йўқ қилинган давлатлар рўйхатидан чиқарди. Бунга сўнгги йилларда касалланиш ҳолатларининг кескин кўпайиши ва аҳолини эмлаш қамровининг сусайгани асосий сабаб бўлди.
ЖССТ стандартларига кўра, қизамиқ каби ўта юқумли вирус тарқалишининг олдини олиш учун аҳолининг камида 95 фоизи эмланган бўлиши шарт. Ушбу меъёрдан паст кўрсаткич вируснинг "занжирли реакция" каби тез тарқалишига шароит яратади.
Ўзбекистон билан бир қаторда Буюк Британия, Испания, Австрия, Арманистон, Озарбайжон мамлакатлари ҳам "қизамиқдан холи" мақомини йўқотган.
Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган энг хавфли вирус турларидан биридир. Эмланмаган болаларда касаллик юқори иситма, пневмония, мия яллиғланиши (энцефалит) ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Шифокорларнинг таъкидлашича, эмлаш қизамиқдан ҳимояланишнинг деярли 100 фоизлик кафолатидир.
Ўзбекистон 2017 йилда ЖССТ томонидан қизамиқ ва қизилчадан холи ҳудуд деб тан олинган эди. Ҳозирги вазиятни қайта тиклаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТ эмлаш дастурларини кучайтиришни ва аҳоли орасида вакцинацияга нисбатан ишончни оширишни тавсия этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда давосиз Нипах вируси тарқалмоқда. Ғарбий Бенгалия штатида аниқланган вирус тиббиёт ходимларига ҳам юққан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу патогенни ўта хавфли деб баҳоламоқда.

Изоҳлар мавжуд емас