Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳокимликларда маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти маслаҳатчилар фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади.
Ҳукумат қарори билан кучга кирган ушбу низомга мувофиқ, маслаҳатчилар иш юритишнинг тўлиқ давлат тилида олиб борилишини таъминлайди, ташқи ёзувлар ва реклама материалларининг қонунчиликка мувофиқлигини назорат қилади ҳамда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилларини жорий этишда иштирок этади.
Шунингдек, маслаҳатчи мақоми ташкилот раҳбари ёки ҳоким ўринбосарига тенглаштирилган бўлиб, ушбу лавозимни қисқартириш ёки унинг вазифаларини бошқа бўлинмаларга юклаш тақиқланади.
Лавозимга номзодларни танлашда филология ва журналистика мутахассисликлари бўйича олий маълумотга ҳамда тегишли малака ошириш сертификатига эга шахсларга устуворлик берилади.
Бундан ташқари, ушбу лавозимни жорий этиш Президентнинг 2025 йил 20 октябрдаги қарори ҳамда 2025–2026 йилларда тил сиёсатини такомиллаштириш дастурида белгилаб берилган.
Олдинроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат ижтимоий суғуртаси ҳамда пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорликни кучайтирди. 30 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар доирасида икки давлат ҳукуматлари ўртасида пенсия таъминоти ва давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида битим имзоланганди.

Изоҳлар мавжуд емас