Загрузка
Загрузка
Жазо органи ёки хизмат кўрсатувчи компаниями? Солиқ қўмитаси Ўзбекистон почтасидан кўп миллиардли тўловни талаб қилмоқда
Жамият

Жазо органи ёки хизмат кўрсатувчи компаниями? Солиқ қўмитаси Ўзбекистон почтасидан кўп миллиардли тўловни талаб қилмоқда

28
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. UzPost миллий почта оператори шов-шувли солиқ можароси марказига тушиб қолди. Фискал органлар компаниядан 26 миллиард сўм тўлашни талаб қилишда давом этмоқда. "Почта триллери" ўтган йилдан бери давом этмоқда, у бир нечта апелляция ва шикоят дуэлларини бошдан кечирган. Улардан бирида тўсатдан давлат органи ғалаба қозонди, бироқ уларнинг рақиби бунга рози бўлмайди.

Солиқчилардан бандероль

Тарих 2024 йил сентябрь ойида Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро инспекция UzPostда аудит ўтказганида бошланган. Текширувчилар почта 2021-2023 йиллар учун бюджетга 26 миллиард сўм ҚҚС тўламаган, деган хулосага келишди. Ҳисоб-китоб бир зумда - почта кечикишисиз амалга оширилди.

UzPost бундай даъволарни ясама деб топди. Компания тушунтиришича, халқаро почта ташувлари Солиқ кодексининг 263-моддасига мувофиқ ҚҚСга тортилмайди. Гап хорижий ҳамкорлар - Daily Mail Zenith FZE (БАА), Post+ B.V. (Нидерландия), Tayger Layn Post ва UAB Clevtrans (Литва) билан ҳамкорлик ҳақида кетмоқда. Компаниянинг таъкидлашича, барча йўналишлар Ўзбекистондан ташқарида ўтган, яъни солиқ даъволари манзилни четлаб ўтган.

Суд нуқта қўйди

2024 йил декабрь ойида Тошкент туманлараро маъмурий суди UzPost’нинг даъвосини тўлиқ қаноатлантириб, солиқчиларнинг қарорини ноқонуний деб топди. 2025 йил февраль ойида апелляция бу ҳукмни тасдиқлади. Бундан ташқари, низо бошланишидан олдин ҳам Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро почта ташувлари учун ҚҚСнинг ноль ставкасини қўллашнинг қонунийлигини ёзма равишда тасдиқлади.

Иш ёпилганга ўхшайди, конверт муҳрланган. Лекин ҳаммаси энди бошланаётган эди.

2025 йил 17 мартда ўша инспекция яна худди шу мазмунда ва суммада қарор чиқарди. UzPost бундай қатъиятни суд қарорини намойишкорона эътиборсиз қолдириш сифатида қабул қилди.

Компания адвокатларининг таъкидлашича, биринчи инстанция суди 17 март куни қўлланилган солиқ усулларини текшириш бўйича солиқ экспертизасини тайинлаган. Сулаймонов номидаги экспертиза маркази текширув ўтказиб, қарор қабул қилишда солиқ усулларидан нотўғри фойдаланилган, деган хулосага келган. Ушбу экспертиза натижалари ва суднинг 2024 йил 17 декабрдаги қарори суд учун асосий далил бўлиб хизмат қилган. Апелляция инстанцияси ушбу хулосаларни тасдиқлаган, бироқ назорат инстанцияси ушбу далилларни эътиборсиз қолдирган ва бундай қарорнинг сабабларини тушунтирмаган, гўёки ушбу материаллар умуман мавжуд эмасдек тасаввур уйғотган.

Компаниянинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар ҳуқуқий аниқлик тамойилини бузади, чунки суд аллақачон Ўзбекистон Республикаси номидан ўз сўзини айтиб бўлган. UzPost солиқчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тўхтатишни сўраб бизнес-омбудсманга расмий мурожаат юборган.

Почта,   солиқлар и триллионлар бўйича режа

Манбаларга кўра, бу қайсарликнинг сабаби юқоридан туширилган қатъий молиявий режалардир. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев аввалроқ идорага режалаштирилган 223,9 триллион сўмдан қўшимча 15 триллион сўм йиғиш топширилганини айтганди.

Бундай "режа" пулни иложи борича ҳамма жойдан қидиришга мажбур қилади, ҳатто бунинг учун давлат почтасига ҳисобларни такроран тақдим этишга тўғри келса ҳам. Экспертларнинг ҳозирданоқ айтишича, бундай суръатда солиқ тизими регулятордан жазоловчи органга - "почта" триллери элементларига айланиб қолиш хавфи бор.

Кўнгилсиз оқибатлар

Компания маълумотларига кўра, солиқ хизматининг хатти-ҳаракатлари туфайли UzPost бюджет тақчиллиги ва фаолиятини тўхтатиш хавфига дуч келиши мумкин. Тузилмада 7 минг 600 нафар ходим ишлайди, уларнинг ойлик маошига 22 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади. Яна 11 миллиард компания солиқ кўринишида тўлайди.

Парадокс шундаки, ушбу маблағларни оладиган солиқ идораси ўз қарорлари билан мамлакатдаги энг йирик почта операторининг мавжудлигини хавф остига қўйиши мумкин.

Отрга қайтган мактуб

Почта таслим бўлмади. UzPost яна даъво аризаси киритди ва 2025 йил 1 июлда суд инспекция ҳаракатларини яна ноқонуний деб топди. Аммо бу ҳам нуқта қўйиш учун етарли бўлмади.

Солиқчилар қарор устидан шикоят қилишди ва 6 август куни апелляция уларнинг шикоятини рад этди. Энди ҳаммаси равшан бўлиб қолгандек эди. Бироқ, 2025 йил сентябрь ойида назорат инстанцияси тўсатдан иккита олдинги суд қарорларини бекор қилди ва “UzPost”га рад жавобини берди. Судьялар, ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, 2024 йил декабрь ойида кучга кирган қарор мавжудлигини эътиборсиз қолдирган - яъни суд ҳужжатининг баҳссизлиги тамойилини амалда йўққа чиқарган.

Почтага   берилган зарба

Манбаларга кўра, сўнгги қарордан UzPost кўрадиган зарар 25 миллиард сўмдан ошиши мумкин. Компанияда ҳуқуқий барқарорликка путур етгани ва инвестиция муҳитига зарба берилгани айтилмоқда.

Бироқ, муаммо бухгалтерия чегарасидан анча ташқарига чиқади. Бу низо бутун давлат бошқаруви тизими учун "лакмус қоғози"га айланди. Ахир суд қарорлари ижро этилмаса, бизнесга, фуқароларга, инвесторларга нима қолади?

Энди масала бошқача. Ким ҳақлигини эмас, балки тизимнинг ўз қонунларига риоя қилишга қодирлигини аниқлаш керак.

Солиқчилар нуқтаи назари

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев бошқарадиган Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси 2024 йил июль ойида "UzPost"да 2021-2023 йиллар учун қўшилган қиймат солиғининг тўлиқ тўланмагани юзасидан солиқ аудити ўтказилганини тасдиқлади. Текширув натижаларига кўра, 26,2 миллиард сўм қўшимча солиқ ҳисобланган.

Инспекция қарорида қайд этилишича, UzPost Солиқ кодексининг 238 ва 241-моддалари қоидаларини бузган. Биринчисига кўра, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этиладиган товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солиш объекти ҳисобланади. Иккинчи моддада, агар жўнатиш манзили ёки бориш манзили Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бўлса, мамлакат ҳудуди хизмат кўрсатиш жойи деб эътироф этилиши белгиланган.

Солиқчиларнинг таъкидлашича, хорижий ҳамкорлар - Daily Mail Zenith FZE (БАА), Post+ B.V. (Нидерландия), Tayger Layn Post ва UAB Clevtrans (Литва) билан тузилган шартномаларга кўра, хизмат кўрсатиш жойи сифатида Тошкент шаҳри кўрсатилган.

Инспекция хулосасида қайд этилишича, “солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг халқаро схемасидан фойдаланилмоқда.

Шу билан бирга, суднинг 2024 йил 17 декабрдаги қароридан сўнг ҳисобланган солиқ суммаси 26,4 миллиард сўмдан 26,2 миллиард сўмга тўғриланган. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати шикоятни кўриб чиқиб, Солиқ кодексининг 241-моддаси қўлланилишини қонуний деб эътироф этган. Кейин нима бўлгани эса юқорида баён этилган.

Ҳудудлараро инспекция барча ҳаракатлар қонунга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилганини таъкидламоқда.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...