Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 11 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Икки давлат байроқлари билан безатилган Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан кутиб олди.
Президентларни қутлаш маросими икки халқнинг тарихий ва маданий яқинлигини ифодаловчи миллий куй-қўшиқлар ҳамда рақслар ҳамроҳлигида ўтган. Ҳарбий оркестр ижросидаги давлат мадҳиялари ва фахрий қоровулнинг тантанали юришидан сўнг, давлат раҳбарлари ташрифнинг асосий дастурига ўтишган.
Ташриф давомида икки мамлакат етакчилари тор доирада музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, президентлар Бухоронинг жаҳонга машҳур тарихий обидаларини зиёрат қилиши ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида маҳаллий саноат корхоналари фаолияти билан танишиши кўзда тутилган. Ушбу ташриф икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ишончга асосланган алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас