Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига жўнаб кетди. 11 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасым-Жомарт Токаевнинг ишчи ташрифи бўлиб ўтади ва олий даражадаги музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Кутилаётган музокаралар марказида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари бўлади. Етакчилар сиёсий мулоқотни ривожлантириш, парламентлараро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштиришни муҳокама қиладилар.
Томонлар айниқса товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва транспорт, энергетика ҳамда сув-экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни режалаштирмоқда. Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишлари кутилмоқда. Ташриф доирасида Бухорода қўшма дастур режалаштирилган бўлиб, у тарихий ёдгорликларга ташриф буюриш, саноат корхоналари фаолияти билан танишиш ҳамда маҳсулотлар кўргазмасини қамраб олади.
Бугуннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича жорий ва истиқболли лойиҳалари билан танишади.

Изоҳлар мавжуд емас