Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мамлакатимиз енгил саноат салоҳияти ва тўқимачилик соҳасидаги ютуқлар билан танишди. Давлат раҳбарлари Бухоро вилоятидаги "Merganteks" пахта-тўқимачилик кластери таркибига кирувчи "Nigora" фабрикасига ташриф буюрдилар.
Бугун, 27 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Тожикистон саммитининг иккинчи кунидаги тадбирларда иштирок этиш учун Бухорога келганди. Шаҳар халқаро аэропортида давлат раҳбари мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни кутиб олган эди.
Бухоро шаҳридаги тарихий қадамжоларни томоша қилган икки раҳбар кейинчалик қиймати 35 миллион долларлик йирик лойиҳа доирасида ташкил этилган "Nigora" корхонасига ташриф буюрди. Бу ерда пахта хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ва кийим-кечак тайёрлашгача бўлган узлуксиз ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйган. Ҳозирда фабрикада 840 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида Хитой, Германия ва Бельгиядан келтирилган энг замонавий юқори технологик ускуналардан фойдаланилмоқда.
Корхонада Shoyigul савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж ва тайёр кийим маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир ҳисобланади. Хусусан, фабрика йилига 10 миллион долларлик маҳсулотни Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германия каби Европа давлатларига экспорт қилмоқда. Олий мартабали меҳмонлар корхонанинг шоу-руми ва тайёр маҳсулотлар намойишини кўздан кечирар эканлар, Тожикистон делегацияси маҳсулотлар сифати ва халқаро стандартларга мослигига юқори баҳо берган.

Изоҳлар мавжуд емас