Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокуратура томонидан ижтимоий тармоқларда кенг резонанс келтириб чиқарган Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаевнинг видеоинтервьюси ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиб чиқилган. Натижада, аввалги суд қарорига нисбатан прокурор протести киритилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 16-январь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Жумаевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларни обрўсизлантирадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (8,4 млн сўм) миқдорида жарима жазосини тайинлаган.
Ўрганиш жараёнида Бош прокуратура ҳолатга янада холис ва тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериш зарур деб топган. Шу мақсадда, 2026-йилнинг 26-февраль куни Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан ушбу суд қарори устидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилган.
Протестнинг киритилиши мазкур иш бўйича чиқарилган қарорнинг қонунийлиги ва асослилиги юқори суд инстанцияси томонидан қайта кўриб чиқилишини англатади. Бош прокуратура ушбу вазиятни жамоатчилик назоратидаги муҳим масалалардан бири сифатида ўзининг доимий эътиборида сақлаб қолишини маълум қилган.
Uzbelas Performance раҳбари кичик жарима билан қутулиб қолмади, у 10 суткага қамалди
Бош прокуратура томонидан ижтимоий тармоқларда кенг резонанс уйғотган Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаевнинг видеоинтервьюси ҳуқуқий жиҳатдан ўрганилиб, аввалги суд қарорига нисбатан прокурор протести киритилган эди. Суд протестни қаноатлантирди (https://t.me/AzizAbidov/7182).
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Асадбек Жумаевга нисбатан аввал қўлланилган 20 БҲМ (8,4 миллион сўм) миқдоридаги жарима жазосини бекор қилиб, уни 10 сутка маъмурий қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган. Мазкур ҳукм Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан киритилган кассация протести асосида қайта кўриб чиқилди.
Суд ҳайъати мазкур ҳолатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантирадиган тарзда бузиб тарқатиш айбловини тасдиқлаган.
Таъкидлаш жоизки, ЙПХ инспекторини уриб юборган 15 ёшли ўсмир бола кейси фонида у ўз видеоларида "қонунбузарликлар учун арзимас жарима тўланади" қабилидаги мазмунсиз ва ёлғон маълумотларни тарқатганини тан олганди. Шу сабабли Жумаевга интернетда қонунбузарликни тарғиб қилувчи "контент" яратгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-1-моддаси асосан 60 та базавий ҳисоблаш миқдорида жарима ҳам белгиланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас