Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида ҳужжатлари бўлмаган ва божхона назоратидан яширинча олиб кирилган йирик миқдордаги тилла буюмларнинг ноқонуний савдоси аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қиймати 2,9 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор маълумотларга кўра, икки фуқаро давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний савдо дўконида хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини яширинча сотиш билан шуғулланиб келишган.
Ўтказилган текширувлар давомида савдо шохобчасидан тегишли кирим ҳужжатлари бўлмаган жами 418 дона заргарлик буюми топилган.
Уларнинг кмумий оғирлиги 1898,42 грамм бўлган.
Суриштирув давомида ушбу қимматбаҳо буюмлар божхона назоратини четлаб ўтган ҳолда мамлакат ҳудудига олиб кирилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ҳамда 228-1-моддалари (Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга учиб кетмоқчи бўлган икки нафар аёл жами 410 грамм оғирликдаги тилла тақинчоқларни ўз танаси ичига яширган ҳолда божхона чегарасидан олиб ўтмоқчи бўлганида фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас