Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хоразм вилояти ИИБ тезкор вакили ва Фарғона вилоятида яшовчи фуқаролар ер майдонларини ноқонуний расмийлаштириб бериш эвазига катта миқдорда пул олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хоразм вилоятидаги ҳолатда Хива шаҳрида ИИБ Тезкор қидирув хизматининг катта тезкор вакили қишлоқ хўжалиги учун ажратилган 12 сотих ер майдонида уй-жой қуришга рухсат олиб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмати эвазига фуқародан 30 минг доллар олаётган вақтида ДХХ, Департамент ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора беришда қасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Фарғона вилоятидаги ҳолатда эса Бувайда туманида 26 ёшли шахс вояга етмаган шериги билан тил бириктириб, ёшларга деҳқончилик учун ажратилган 3 гектар ер майдонини бошқа шахс номига расмийлаштириб беришни режалаштирган. Улар ушбу ноқонуний ҳаракат эвазига 115 миллион сўм талаб қилиб, шундан 9500 минг доллар ва 700 минг сўмни олаётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Оҳангарон, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида давлат захирасидаги ерларни ноқонуний сотмоқчи бўлган ва мулк тоифасини ўзгартириш эвазига юз минглаб доллар талаб қилган мансабдор шахслар ҳам ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас