Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Оҳангарон, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида давлат захирасидаги ерларни ноқонуний сотмоқчи бўлган ва мулк тоифасини ўзгартириш эвазига юз минглаб доллар талаб қилган мансабдор шахслар ДХХ томонидан ушланди. Маблағларни "ҳал қилиб бериш"ни ваъда қилганлар орасида ҳатто расмий корхона юристи ва туман газ таъминоти ходими ҳам бор.
Биринчи ҳолатда муқаддам судланган Оҳангарон туманидаги унитар корхона юристи харидорга Нурафшон шаҳрида паррандачилик корхонасига ажратилган 90 сотих бўш ер майдонини 250 минг долларга сотишни ваъда қилган. Бундан ташқари, кадастрдаги танишлари орқали бу ерга коттежлар қурилишига рухсат олиб бериш учун 30 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбирда у аванс сифатида 40 минг доллар олган вақтида ушланган.
Қашқадарёда эса туман газ таъминоти бўлими ходим мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманидаги давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини харидорга 500 миллион сўмга сотишга келишган.
У олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланган.
Яна бир ҳолат Бухорода юз берган. Муқаддам судланган, хозирда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс Бухоро шаҳридаги фуқарога унинг фойдаланувида бўлган 1 250 квадрат метр кўчмас мулк объектининг тоифасини ўзгартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 14 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жиноят ишларига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам суриштирув жараёнлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда карийб 7 миллион доллардан ортиқ пулга ер сотмоқчи бўлган фирибгарлар фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас