Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Архангельск шаҳридаги қурилишда Сурхондарё вилоятидан келган 22 ёшли йигит ҳалок бўлган. У қурилаётган кўп қаватли турар жой биносининг бешинчи қаватидан тушиб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йигит қурилаётган бинонинг ташқи томонидан бешинчи қаватдан олтинчи қаватга қурилиш асбобларини кўтариб чиққан. У мувозанатини йўқотиб, баландликдан бетон плитага йиқилган. Тез ёрдам шифокорлари реанимация чораларига қарамай, ишчининг ўлимини қайд этган.
Ҳодиса Терехин кўчасида қурилаётган "Корица" турар жой мажмуаси ҳудудида содир бўлган. Ушбу мажмуа "Твой дом" компаниялар гуруҳига кирувчи "Северное Сияние" ихтисослашган қурувчисига тегишли.
"Фожиали ҳодиса муносабати билан "СЗ Северное Сияние" компанияси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Биз содир бўлган воқеанинг жиддийлигини тушунамиз ва зудлик билан меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги соҳасидаги мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳодисанинг барча ҳолатларини синчковлик билан текширишни бошладик", - дея фожиага изоҳ берди қурилиш компанияси.
Қурувчи ушбу ҳодисани шаффоф текширишга ваъда бермоқда.
"Биз учун ишчилар хавфсизлиги - сўзсиз устувор вазифа. Текширув натижаларига кўра, ҳодиса сабаблари ҳақида тўлиқ ва шаффоф маълумот берилади" ,- деди қурилиш компанияси вакили.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Архангельск вилоятидаги ваколатхонасига тегишли нота юборди.
Аввалроқ Санкт-Петербургда ўзбекистонлик 23 ёшли ишчи ҳалок бўлганди. У Россия Олий суди биносининг қурилиш майдончасида ишлаётганда 15 метр баландликдан қулаб тушган.
Изоҳлар мавжуд емас